Ёзувчи хорижий юртларда кечган сафарларидан олган таассуротларини қайд қилиб боради. Ана шу хулосалар кейинчалик дунё юзини кўриб, қимматли бадиий асарга айланди. Бу оддий манзаралар тасвири эмас, балки ҳар бир манзил, ҳар бир ҳолат ортида чуқур мушоҳада, халқ, миллат ва инсон ҳақидаги фикрлар мужассам. Асарни ўқиш жараёнида китобхон нафақат дунёни, балки ўзини англай бошлайди.
Муаллиф шундай ёзади: «Сафар деганинг ўзингдан қочишга эмас, ўзингни топишга хизмат қилса керак». Бу сатрларда ёзувчи саёҳатнинг ҳақиқий мақсадини очиб беради. Унга кўра, инсон узоқ юртларга бориши — янги ерларни кўриш учун эмас, балки ўз қалбининг забонсиз ҳолати билан юзлашиши учундир. Бу фикр китобхонни ўйга солиши шубҳасиз.
Асарнинг яна бир нуқтаси: «Ҳар бир миллат ўз маданияти, ўз тили ва адабиёти билан тирикдир. Уларсиз миллат ўзлигини йўқотади». Бу фикр орқали муаллиф мутолаанинг миллий ўзликни сақлашдаги ўрнини улуғлайди. Хуршид Дўстмуҳаммад учун адабиёт — бу миллат қиёфаси. У дунёни кўздан кечираркан, ўзбек халқи маданияти ва маънавиятига қиёсан таҳлил қилади. Китобхон учун бу гаплар буюк дарсга айланади: у китоб ўқишни фақат вақт ўтказиш деб эмас, балки ўзлигини сақлаш ва ривожлантириш воситаси деб тушунади.
Ҳар бир сафарда у дунёдан кўра, инсон қалбининг кенглиги, торлиги, маънавий сатҳини кўради. Шу маънода «Сафар дафтари» — бу саёҳат ҳақида эмас, инсон қалби ва унинг маънавий камолоти ҳақидаги асардир. Мутолаа орқали китобхон нафақат географик маконлар, балки руҳий ҳолатлар бўйлаб саёҳат қилади. Асардан келтирилган ҳар бир иқтибос китобхон қалбида катта таассурот қолдиради, уни ўзини англаш, фикр қилиш ва энг муҳими — китобга муҳаббат бағишлашга ундайди.
Бир сўз билан айтганда, «Сафар дафтари» ҳақиқий мутолаа завқини уйғотадиган асардир. Шубҳасиз, у китобхон учун руҳий йўлбошчи бўла олади.
Улуғбек АБДУВОҲИДОВ,
Мингбулоқ тумани ИИБ ҳузуридаги
Тергов бўлинмаси терговчиси,
катта лейтенант.
