Ушбу ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олганлигим учун тўла мустақиллик билан салтанат тахтига ўтирдим. Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур.

Биринчидан, ўз сўзига эга бўлсин, ишини ўзи билиб қилсин, яъни раият подшосининг айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади, ҳеч ким бунга аралашолмайди, деб билсин. Шундай бўлгач, подшоҳ салтанат мартабасига шерик бўлгудек қилиб бировнинг гапига ва ишига эргашмасин. Гарчи яхши сўзни ҳаммадан эшитиш зарур бўлса ҳам, лекин сўзда, ишда бошқалар салтанат ишларида подшоҳга шерик, ёхуд устун бўлмасликлари шарт.

Иккинчидан, султон ҳар нарсада адолатпеша бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар сақласин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди. 

Учинчидан, бутун мамлакатда буйруқ-фармон бериш ишлари подшоҳнинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

Тўртинчидан, подшоҳ ўз қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни килишга қасд қилар экан, то битирмагунича ундан қўл тортмасин.

Бешинчидан, подшоҳ ҳукми жорий этилиши даркор, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъи назар, амалга ошириши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. 

Олтинчидан, подшоҳлик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё хиёнатчи хотин сингари, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. 

Еттинчидан, салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшицин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлацин.

Саккизинчидан, салтанат ишларида, сипоҳу раиятга боғлиқ масалаларда бошқаларнинг сўз ва феълига қараб амал қилмасин. Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз қилар эканлар, эшицин. Лекин уни амалга оширишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунича шошмай, мулоҳаза билан иш туцин.

Тўққизинчиси, подшоҳ ҳайбати сипоҳу раият кўнглида шундай ўрнашган бўлиши керакки, унинг амр-фармонига ҳеч ким қаршилик қилишга журъат этолмасин; итоат ва тобеълик қилиб, исён кўтармасин.

Ўнинчиси, подшоҳ нима қилса, ўз эркича қилсин, нима деса ўз сўзида қатъий турсин, чунки подшоҳларнинг ҳукм ҳурматидан бошқа баҳрамандликлари йўқдир. Хазина, лашкар, раият, салтанат — буларнинг бариси унинг ҳукми биландир.

Ўн биринчиси, салтанат ишларида, ҳукм юргизишда подшоҳ ўзини ягона билиб, ҳеч кимни ўзига салтанат шериги қилмасин.

Ўн иккинчиси, подшоҳ мажлис аҳлидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, уни ташқарига ташийдилар. Подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар. 


“Темур тузуклари”дан.