Маълумки, жорий йил 1-майдан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири кучга кирди. Асосий қонунимизда давлат бошқарувининг олий органларига доир бир қатор ўзгаришлар жой олган. Жумладан, Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Шунингдек, давлат раҳбари муддатидан илгари Президент сайловини тайинлашга ҳақли эканлиги белгиланди.
Юртбошимиз ушбу ҳуқуқдан фойдаланиб, 2023-йил 8-майда «Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга кўра, 2023-йил 9-июл куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.
Мамлакатимиз ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга ушбу воқеага ҳам саноқли кунлар қолди. Шунинг учун қуйида Президент сайловининг баъзи жиҳатларига тўхталиб ўтамиз. Авваламбор, шу кунларда сайловолди ташвиқотлари қизғин кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу тадбирлар борасида тушунча бериб ўцак.
Сайловолди ташвиқоти омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференсиялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Ташвиқот:
оммавий ахборот воситалари, телекоммуникатсия тармоқлари, шунингдек
Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;
босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши
керак.
Номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади. Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.
Номзод ёки
унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга
ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 43-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради. Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли. Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
2023-йил 20-июн куни Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодексига биноан, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилди. Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023-йил 28-июн куни бошланиб 2023-йил 5-июл куни якунланиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайти материаллари асосида Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
