Бир мусофир йигит шаҳар ёнидан оқиб ўтадиган ариқ бўйидаги тол соясида салқинлаб ўтирган чолдан сўради:

– Отахон, бу шаҳарда қандай одамлар яшайди?

Қария унинг саволига савол билан жавоб қайтарди:

– Ўзинг туғилиб ўсган шаҳарда қандай одамлар яшарди?

– Ҳаммаси бири биридан баттар худбин ва ёвуз эди. Шунинг учун ҳам она шаҳримдан бош олиб кетдим.

– Бу шаҳарда ҳам худди ўшанақанги одамлар истиқомат қилади.

Бундай жавобни эшитган йигит изига қайтиб кетди. Кўп ўтмай чолнинг олдига бошқа бир йигит келиб, одоб билан салом бергач сўради:

– Отахон, мен бир мусофирман. Мана бу шаҳарда қандай одамлар яшашини айтолмайсизми?

Қария унинг ўзидан сўради:

– Қани айт-чи, ўғлим, ўзингнинг шаҳрингда қандай одамлар яшарди?

– Ҳамшаҳарларим жудаям сахий, меҳмондўст, раҳм-шафқатли, меҳру оқибатли одамлар эди. У ерда қанчалаб дўсту қадрдонларим қолиб кетди, – деди йигит афсус чекиб.

– Бу ерда ҳам шундай одамларни учратасан. Кўп ҳам қайғураверма, бўтам, янги шаҳарда янги дўстлар орттирасан, – дея далда берди чол.

Сал нарироқда туяларини суғораётган савдогар уларнинг суҳбатини тинглаб ўтирган эди. Иккинчи йигит узоқлашиши билан савдогар қариянинг олдига келиб сўради:

– Отахон, икки йигитнинг бир хил саволига нега икки хил жавоб қайтардингиз? Оппоқ соқолингиз билан ёлғон гапиргани уялмайсизми?

–Ўғлим, – деди кулимсираб чол, – мен ҳар қайсининг феълига яраша жавоб бердим. Биринчи йигит бадфеъллиги туфайли ўз шаҳридаги ҳамма одамларни ёмонотлиққа чиқариб ўтирибди. Шундай экан, бегона шаҳарда кўнглига ёқадиган одамни топиши амри маҳол. Иккинчи йигит эса хушфеъл инсон экан. Шунинг учун бу шаҳар аҳли ҳам унга меҳмоннавозлик, меҳр-оқибат кўрсатиши аниқ.

Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.