Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан асос солиниб, 1997-йилдан буён
ЮНЕСКО ташкилоти шафелигида анъанавий тарзда ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда, десак асло муболаға эмас. Ҳаммамизга яхши маълум, дунёнинг кўплаб қитъа ва минтақаларида турли санъат ва мусиқа анжуманлари ўтказилади. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали эса улар орасида ўзининг алоҳида ўрни, шуҳрати ва мақоми билан ажралиб туради. Ўтган йиллар мобайнида мазкур санъат фестивали дунё халқлари миллий мусиқа маданияти анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча халқларни санъат орқали яқинлаштиришга хизмат қиладиган ва улар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайдиган нуфузли тадбирга айланди. Афсонавий Самарқанднинг узоқ ўтмишидан сўзловчи мунаввар кошоналари, муаттар ҳавоси билан бирга, бу муқаддас заминдан таралаётган дилбар ва мафтункор тароналар ҳам дунё аҳлини ўзига чорлади. Кўркам ва муҳташам Регистон майдонининг катта саҳнаси, юлдузли осмон остида қанчадан-қанча сеҳрли наволар, ҳаётбахш оҳанглар янгради. Ва бу ижролар орқали ўнлаб ноёб ёш истеъдодлар кашф қилинди, нуфузли фестивал уларнинг парвозига қанот, куч ва илҳом бағишлади. Энг муҳими, ушбу анжуман турли сивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланди. Буни сайёрамизнинг барча қитъаларидан хонанда ва созандалар, мусиқашунослар иштирок этиб, ўз миллий куй-қўшиқларини ижро этиш баробарида ўзига хос анъана ва қадриятларини намойиш этаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, ушбу фестивал нафақат жаҳон халқлари миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни асраш ва ривожлантириш, балки халқаро ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил бўлаётир. Буни фестивалнинг нуфузи йил сайин ортиб, иштирокчилари географияси ҳам тобора кенгайиб бораётганидан билиш мумкин.
1997-йилда ўтказилган «Шарқ тароналари» биринчи халқаро мусиқа фестивалида 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, 2019-йилда ўтказилган фестивалда 75 та давлатдан 340 нафар вакил иштирок этган. Ўтган йиллар мобайнида ушбу мусиқа анжуманида дунёнинг 115 дан ортиқ давлатидан санъаткорлар қатнашган.
Шу ўринда 2021-йилда ўтказилиши керак бўлган қўшиқ байрами пандемия сабаб қолдирилганлигини таъкидлашимиз жоиз. Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 2-февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисидаги қарорида «Шарқ тароналари» ХИИИ халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш белгиланди. Унга кўра , жорий йил ҳам анъанага мувофиқ, август ойининг охирги ўн кунлигида ўтказилиши кўзда тутилган ушбу халқаро санъат байрамига катта тайёргарликлар кўрилмоқда. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, шу кунгача 80 та мамлакат санъат вакиллари ушбу нуфузли фестивалда иштирок этиш истагини билдирган.
Маълумки, халқаро мусиқа фестивалида иштирокчиларнинг чиқишлари таниқли мусиқашунослар ва бастакорлар, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат талабчан ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади.
Қувонарли жиҳати шундаки, ўзининг бетакрор санъати билан халқимиз меҳрини қозонган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Матлуба Дадабоева, Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Соҳибжон Ниёзов ва Абдунаби Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Насиба Сатторова, Дилнура Мирзақулова (Қодиржонова), Нодира Пирматова, Моҳичеҳра Шомуродова, Тоир Қўзиев бошчилигидаги «Сато» гуруҳи, Илёс Арабов, ёш умидли дуторчи Меҳринигор Абдурашидова халқаро фестивалда ҳам юксак ижрочилик маҳоратини намойиш этиб, ғолиблар сафидан жой олган.
Сирасини айтганда, ҳамиша дунё эътиборида бўлиб келган Самарқанд бугун яна бир нуфузли тадбирга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Бу – жаҳон аҳлини мусиқа ва қўшиқ сеҳри билан бир-бирига яқинлаштирувчи, дилларни дилларга таржимонсиз боғловчи, инсониятни фақат эзгуликка чорловчи «Шарқ тароналари» фестивалидир.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
