Мазкур ташкилот дастлаб «Шанхай бешлиги» номи билан ташкил этилган эди. 2001-йил 15-июнда Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари учрашувида ШҲТ тузилди.
Бугунги глобаллашув шароитида минтақавий ва халқаро миқёсида вужудга келаётган кескин ўзгаришлар даврида ШҲТ ўзини кўп томонлама ҳамкорликнинг таъсирчан механизми сифатида намоён этмоқда. Ташкилот «Шанхай руҳи» негизида ташкил этилган бўлиб, ушбу тамойил асосида ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби муҳим қоидаларни ўзида мужассам этади.
Таъкидлаш жоизки, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий ва трансминтақавий халқаро ташкилот сифатида катта куч ва салоҳиятга эга. Ташкилотга аъзо давлатлардан Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади. Ташкилотнинг умумий майдони Евроосиё минтақасининг 60 фоизини эгаллайди. Дунё аҳолисининг деярли ярми ташкилотга аъзо давлатларда яшайди.
Ўзбекистон Республикасининг сўнгги йилларда ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган илғор таклиф ва ташаббуслари минтақадаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Ўтган 5 йил мобайнида Ўзбекистон томони
30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Эътиборли ва муҳим жиҳати, Ўзбекистон ташкилот доирасида ўз ташаббусларини амалий чора-тадбирлар орқали ҳаётга фаол жорий этаётгани билан ажралиб туради.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Шҳтдаги хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид янги платформаларни яратиш бўйича ташаббускорга айланди. Айниқса, Шҳтнинг Ўзбекистонда халқ дипломатияси маркази, Темирйўл маъмурияти раҳбарларининг учрашуви, Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» халқаро туризм университети ташкил этилишини бунга мисол тариқасида айтиб ўтиш лозим.
2021-йил 16-сентабр куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шҳтнинг
20 йиллик юбилей саммити бўлиб ўтган эди.
Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида бугунги кунда халқаро муносабатларда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг роли ошиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Мазкур саммитда Шҳтнинг янги Бош котиби ва ШҲТ МАТТ (Минтақавий аксилтеррор тузилмаси) Ижроия қўмитаси директори тўғрисида қарорлар ҳамда ШҲТ мадҳиясининг қабул қилиниши кутилган эди. Шунингдек, кун тартибидан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўйича ҳаракатлар режаси, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси, «Яшил белбоғ» дастури, сайёҳлик ва маданият пойтахтлари ҳақидаги низом, шунингдек, бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик бўйича ўзаро келишув меморандумларини тасдиқлаш ўрин олганди.
Шҳтга раислик қилиш Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим
воқеаси бўлди. Албатта, бу жуда масъулиятли ва шарафли вазифа сифатида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва таъсирини янада кучайтиришга хизмат қилади. Навбатдаги саммитнинг кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилишида ўзгача бир маъно ва мазмун бор. Шарқ машъали дея эътироф этилган Самарқанд боқий шаҳар Римнинг тенгдоши сифатида дунёнинг энг қадим шаҳарлари қаторида туради. Зеро, Самарқанд
дунё тамаддунида ўз ўрнига эга илмий-маданий маскан сифатида алоҳида эътирофга сазовор шаҳардир.
Жорий йил 16-май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат
Мирзиёев ШҲТ бош котиби Чжан Мин билан Самарқандда ўтказиладиган саммит масалаларини муҳокама қилди. Ушрашувда ШҲТ доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги давридаги асосий тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва ШҲТ бош котиби Чжан Мин Афғонистон масаласида ШҲТ ролини ошириш ҳамда ушбу мамлакатни инфратузилмавий ривожланиш бўйича минтақавий дастурларга фаол жалб қилиш зарурлигини қайд этиб ўтишди.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ саммитида минтақада барқарорлик ва хавфсизлик учун хавф туғдираётган хатар ва таҳдидларга қарши курашишда ташкилот салоҳиятини кучайтириш, «Шанхай руҳи» принсиплари асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги ҳамда транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлик, «яшил» энергетика, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Самарқанд саммитида 2021-йил сентабрда Шҳтга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилган Эрон давлати биринчи бор қатнашади.
Мазкур саммитда Шҳтга аъзо давлатлардан ташқари, Афғонистон, Мўғулистон ва Беларус давлатлари ташкилотда кузатувчи, Туркия эса мулоқот бўйича ҳамкор сифатида иштирок этади.
Самарқанд саммитида ташкилотга аъзо кўплаб давлатлар билан умумий чегарага эга Афғонистондаги вазият ҳар томонлама муҳокама қилиниб, муҳим қарорлар қабул қилиниши кутиляпти.
Шунингдек, саммит доирасида ўтказиладиган халқаро кўргазмада Ўзбекистоннинг тарихий, диққатга сазовор ҳудудларида жойлашган маданий мерос обектлари, азалий қадриятлари, тарихини, урф-одатларини акс эттирувчи суратлар намойиш этилиши белгиланган.
Мансур МУСАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
