Соғлом маънавий муҳит бўлган жойда аҳиллик, ижодий юксалиш ва хотиржамлик бўлади. Бу муҳитни учта асосий босқичда тасаввур қилиш мумкин.
Биринчиси, оиладаги соғлом маънавий муҳит. Оила – жамиятнинг кичик бўлаги ва унинг юраги. Бу қўрғонда ўзаро ишонч ва ҳурмат устун туради. Ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабат қўрқувга эмас, балки меҳр ва тушунишга асосланади. Миллий анъаналар, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби хислатлар ҳам айнан шу ерда шаклланади. Инсон ташқаридаги чарчоқларини оиладаги илиқлик билан енгади. Соғлом оилавий муҳит комил инсонни вояга етказувчи энг хавфсиз қўрғондир.
Иккинчиси, жамоадаги соғлом маънавий муҳит. Бу тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Ишхона инсон вақтининг катта қисми ўтадиган макондир. Бу ерда маънавий муҳитнинг соғломлиги нафақат инсонийлик, балки иш самарадорлиги учун ҳам муҳим. Ишхонада шахсий манфаатлардан кўра, умумий мақсад устун туриши керак. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш муҳити ҳукмрон бўлиши лозим. Шунингдек, меҳнатнинг муносиб қадрланиши ва ходимлар ўртасидаги соғлом рақобат носоғлом ҳасаднинг олдини олади. Ходимларнинг ўзаро мулоқотида ички маданиятнинг юқорилиги, ғийбат ва гуруҳбозликдан холи бўлиш ишчанлик кайфиятини юқори даражада тутиб туради.
Учинчиси, жамиятдаги соғлом маънавий муҳит. Бу миллатнинг қиёфасини белгилайди. Айнан жамиятдаги муҳит юқоридаги икки бўғиннинг мевасидир. Одамларнинг бир-бирига бефарқ эмаслиги, чин инсоний туйғуларнинг юксаклиги жамият таянчидир. Бундан ташқари, жамият аъзоларининг нафақат ҳуқуқий, балки юксак одоб-ахлоқ меъёрларига ихтиёрий амал қилиши, илмга, санъатга ва ижодга бўлган интилишнинг кучлилиги жамиятнинг маънавий иммунитетини оширади.
Маънавиятли жамиятда одамлар бир-бирига меҳрибон бўлади, қонун ва қоидаларга амал қилади, адолат ва тинчлик устувор бўлади. Чунки маънавият иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Бугунги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ҳар бир давлатнинг куч-қудрати нафақат унинг иқтисодий салоҳияти ёки ҳарбий қуввати, балки фуқароларининг маънавий дунёси ва жамиятдаги соғлом муҳит билан белгиланмоқда. Маънавият – шунчаки назарий тушунча эмас, балки халқнинг яшаш тарзи, қадриятлари ва келажакка бўлган ишончининг кўзгусидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маънавият масаласини давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигига шундай таъриф берган эди: «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият».
Иқтисодий юксалиш маънавий асоссиз давомли бўлмайди, худди шунингдек, юксак маънавияциз кучли фуқаролик жамиятини қуриб бўлмайди.
Соғлом маънавий муҳитни яратиш йўлида Ўзбекистонда қатор амалий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан ташкил этилган «Беш муҳим ташаббус»да ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни маданият, санъат ва спортга жалб этиш орқали ижтимоий депрессия ва ёт ғояларга қарши «иммунитет» ҳосил қилинмоқда.
Шунингдек, ҳудудларда ижодкорлар ва зиёлилар билан учрашувлар тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу аҳоли ўртасида юксак инсоний фазилатларни тарғиб қилишда муҳим восита бўлмоқда. Диний бағрикенглик йўналишида юртимизда 16 дан ортиқ конфессия вакилларининг тинч-тотув яшаши соғлом маънавий муҳитнинг энг олий намунасидир. Бу халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланмоқда.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, соғлом маънавий муҳит ҳукмрон бўлган жамиятда лоқайдлик ва бефарқликка ўрин қолмайди. Бундай муҳитда ҳар бир инсон ўзини юрт тақдирига дахлдор деб ҳис қилади. Маънавий бой жамият – енгилмас кучдир.
Ўз мухбиримиз Сарвар СОБИРОВ тайёрлади
