Заҳириддин Муҳаммад Бобур - ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода сифатида ном қозонган.

Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Қутлуғ Нигорхоним ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони Андижоннинг арки ичида жойлашган бўлиб, ёз ойлари ушбу оила аъзолари Сирдарё бўйида, Ахсида бўлишса, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказишарди.

Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. У барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганган, кўплаб тарихий, адабий асарлар мутолаа қилиб, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлаган. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олган.

Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур суфий — Хожа Аҳрорга ихлос қилди ва унинг тариқати руҳида вояга етди, умрининг охирига қадар шу эътиқодига содиқ қолди. Кейинчалик «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди.

Бобур Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш ниятида бир неча бор Самарқандга юриш қилади. Темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун Шайбонийхонга қарши курашса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик унинг мақсадга эришишига йўл қўймайди.

Охир оқибат у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504-йил, июн) мажбур бўлади. 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Ғазни ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади.

Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмдор сифатида қизғин фаолият кўрсатди, халқ манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра, Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катта обрў орттирди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди. Шайбонийларнинг тобора кучайиб бораётган юришига қарши биргаликда чора кўриш масаласида Султон Ҳусайн Бойқаронинг барча темурий ҳукмдорлар қаторида Бобурни ҳам маслаҳат йиғинига таклиф этиши ана шундай юксак нуфуздан далолат эди. Бобур шу таклиф бўйича Ҳиротга отланди. Ҳусайн Бойқаронинг тўсатдан вафот этишига (1506) қарамай, у Ҳиротда темурий ҳукмдорлар билан учрашиб, музокаралар ўтказди. Темурий ҳукмдорларнинг бирлашиб Шайбонийхон қўшинларига тўсиқ қўйиш режаси амалга ошмади ва тез орада улар мағлубиятга учраб, салтанатни батамом қўлдан чиқаришди.

1507-йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш қилди. Аммо бу уриниши муваффақияциз якунланиб, яна Кобулга қайтди. 1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режасини амалга оширишга киришди, кейинги 5-6 йил давомида бир нечта юришлар уюштирди. Ниҳоят, 1526-йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилди ва Деҳлини эгаллади. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундирди. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборди. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.

Бобур Ҳиндистонда ҳам худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.

Бобур умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам авлодларига ўрнак бўларли ишлар қилишга интилади. "Бобурнома"нинг "Тўққиз юз ўттиз олтинчи 1529-йил воқеалари" бобида ўғли Ҳумоюн қаттиқ касал бўлиб қолганида бўлиб ўтган бир воқеа ҳикоя қилади:

"Муҳаммад Ҳумоюнга... ани ер ва суйи хуш ёқмади. Иситма тутар экандур... Табиблар ҳар неча дору дармон бердилар, яхши бўлмади. Мир Абулқосимким, улуғ киши эрди, арзга еткурдиким, ушмундоқ дардларга дармон будурким, яхши нимарсалардин тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки, Тенгри таоло сиҳат бергай. Менинг кўнглимга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ кимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин, худой қабул қилсун... Уч қатла бошидин ўргулуб, дедимким, мен кўтардим ҳарне дардинг бор. Ўшал замон мен нохуш бўлуб йиқилдим, ул енгил бўлди. Ул сиҳат бўлуб қўпти. Мен нохуш бўлуб йиқилдим. Аъёни давлат ва аркони мамлакатни чорлаб, байъати қўлларини Ҳумоюнни(нг) қўлига бериб, жойинишинлигига ва валиаҳдлигига насб қилдим. Ва тахтни анга топшурдум. Ва Хожа Халифа ва Қанбар Алибек ва Турдибек ва Ҳиндубек ва ўзга халойиқ ҳам бу насоймида бор эрдилар, бориси қабул қилиб, банд бўлдилар".

"Бобурнома"ни кўчирувчи котибнинг ёзишига қараганда, "Тўққиз юз ўттиз еттида жумодил аввал ойининг олтисида чаҳорбоғдаким, ўшул подшоҳ ўз қўли билан обод қилиб эрди, ҳоли мутағаййир бўлуб, бу олами бевафони падруд қилди".

Бобур мирзо вафотига тарих айтувчилар ўша вақтларда кўп бўлган. Мавлоно Шиҳоб келтиришича: "Ҳумоюн буд вориси мулки вай" ("Ҳумоюн унинг мулки меросхўридир").

Ҳинд олимлари орасида бу воқеага, яъни Ҳумоюннинг тузалиб кетиши ва Бобурнинг касалланиб қолиши воқеасига қарашда якдиллик йўқ. Айрим тарихчилар, масалан, профессор Сри Рам Шарма ўзининг "Калкутта Ревю" журналида босилиб чиққан мақоласида бу воқеанинг бўлганлигига шубҳа билдиради. Унинг аниқлашига қараганда, Бобур Ҳумоюн соғайганидан олти ой кейин касалланган.

Бошқа бир ҳинд профессори, Аллоҳобод университети тарих бўлимининг собиқ бошлиғи Р.П.Трипатининг бу хусусдаги кузатишлари ҳақиқатга яқин келади. "Мўғул салтанатининг ривожи ва инқирози" номли китобида профессор Р.П.Трипатининг аниқлашича, Ҳумоюн Бадахшондан 1529-йил июн ойида қайтиб келган, 1530-йил март ойида у касалланиб қолган. Бобур ўша йил апрел ойида касалланган, Ҳумоюн эса соғайган. Бобурнинг касали 1530-йил июл ойида кучайган ва ўша йил 26-декабр куни у дунёдан кўз юмган.

1529 (936 ҳижрий) йил Ҳумоюн соғайиб, Бобур мирзо касалланиб қолганидан кейинги воқеалар "Бобурнома"да берилмайди.

Ҳиндистонда Бобурнинг ўғли Ҳумоюнга ёзма равишда қолдирган "Махфий Васиятнома"си сақланаётганлиги маълум бўлди. "Махфий Васиятнома" 935 ҳижрий йили жумодил-аввал ойининг биринчи куни (мелодий 1529-йил 11-январда) Бобур Агра яқинидаги Нилуфар Боғида турганида ёзилган экан. Ҳозир бу ер Ҳиндистоннинг Ражастон штатига қарайди.

"Махфий Васиятнома"нинг ўнг томонида доира ичида Бобурнинг “Подишоҳ Баҳодир ғозий Заҳириддин Муҳаммад Бобур" деб нақшланган муҳри ҳам берилган.

Бобур шоҳнинг ўғли шаҳзода Ҳумоюнга қолдирган бу васиятномаси Ҳиндистонни бошқаришга оид ўгит-маслаҳат, йўл-йўриқлардан иборат бўлгани учун ҳам у махфий саналган ва "Махфий Васиятнома" деб юритилган.

Бир қатор бобуршунос олимлар Бобурнинг ёзма васиятномаси бўлганлигини ўз ишларида қайд этиб келишган. Бу васиятнома билан ҳинд профессорлари Саййид Росс Маъсуд, Ҳ. К. Шерваний ҳамда Жайпурдаги Ражастон университети профессори, тарихчи олим Р.Э.Натҳ таниш бўлган.

Бу васиятнома форс тилида ёзилган бўлиб, у қуйидагича бошланади:

"933 ҳижрий йил Подишоҳи Баҳодир ғозий 3аҳириддин Муҳаммад БОБУР Алҳамдилиллаҳ.

Васият номаи маҳфие 3аҳириддин Муҳаммад Бобур Подишоҳи ғозий ба шаҳзода Насириддин Муҳаммад Ҳумоюн тула омра Ба истеҳкоме Султонат навешта шуд. Ай фарзанд, мамлакати Ҳиндустон аз мазоҳиби муҳталифа маъмур аст...".

* * *

Бобур "Васиятнома"сининг таржимаси:

"933 ҳижрий йил Подишоҳи Баҳодир ғозий Заҳириддин Муҳаммад БОБУР Алҳамдилиллаҳ.

Султонатнинг мустаҳкам бўлиши учун бу махфий васиятнома тузилди. Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло Сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг. Ҳар мазҳабнинг тариқасига (йўлига) адолат қилинг. Хусусан, Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг. Бу яхшилигингиз эвазига шу вилоят халқининг қалби Сизга яқин бўлади. Қўлингиз остидаги ҳар қавмнинг ибодатгоҳларини ва муқаддас жойларини хароб этманг. Шундай одилликни ихтиёр қилингки, подишоҳ раъиятдан ва раъият подишоҳдан осуда бўлсин. Исломнинг тараққиёти эҳсон қиличидан яхшироқ бўлади, зулм тиғидан эмас. Сунний ва шиа ўртасидаги жанжаллардан кўзингизни юминг. Агар бундан кўз юммасангиз, ислом заифлашиши мумкин. Раъиятдаги турли қалбларни арбааи аносир (тўрт унсур) билан маҳкам тутинг. Салтанатнинг жисми турли маразлардан тинч бўлсин. Подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур Соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг.

Ва мо аллайно иллал балағ ("ва бизнинг бурчимиз фақат аниқ паём этишдир" Сураи Ёсин).

Биринчи жумодий ул аввал 935 [ҳижрий йили]".

Бобур фаолиятига оид бир қатор тадқиқотлар яратган ҳинд тарихчиси, Жайпурдаги Ражастон университетининг тарих профессори Р.Натҳнинг фикрига кўра, 47 йиллик умрининг 36 йилини жангу жадалларда ўтказган Бобур аслида осойишталик, тинчлик одами эди. У тўғрисўз, ҳақиқатгўй солномачи, "Бобурнома" муаллифи, бизнинг давримизгача икки девони етиб келган ажойиб шоир, табиат ошиғи, гўзал боғ-роғлар яратувчиси ва ҳаммасидан ҳам муҳимроғи, инсонпарвар эди. Ўзи сунний мазҳабидаги мусулмон бўлса-да, диний ақидаларга ёпишиб олмаганди.

Шу боис ҳиндлар унга "Қаландар" номини беришган бўлган. Бутун ҳаёти мобайнида у санъат, шеърият, мусиқа ва расмчиликка нисбатан ҳур фикрликни сақлаб келди. Унда ҳеч вақт ман этишлар бўлмаган. Бобур бошқа диндагиларга нисбатан тинч-тотув яшаш, сабр-бардошли бўлиш, диний ишларга аралашмаслик сиёсатини қўллаган. У ерли халқнинг диний эътиқодини ҳурмат қилган. Унинг 1529 йил 11 январда Дҳолпур яқинидаги "Боғи Нилуфар"да турганида ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган махфий васиятномаси бунга ёрқин мисол бўлади.

Бу "Махфий Васиятнома" настаълиқ хатида ёзилган. Мутахассисларнинг фикрига қараганда, қоғозига олтин суви пуркалган бўлган ҳамда қоғознинг ҳошияларига гулли безаклар ишланган.

Ҳозирги кунларда Бобурнинг васиятномаси Бҳопал давлат кутубхонасида сақланади. Васиятнома фотонусхасини биринчи бўлиб кутубхона мудири Б.Гошал олиб, жаноб Саид Росс Маъсудга юборган.

Бобур мирзонинг қандай инсон бўлганлигини ўғлига қаратилган унинг "Махфий Васиятнома"си очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. 

Бобур мирзонинг "Махфий Васиятнома"сидаги "подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур Соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг", деган сўзлари фақатгина ўғли Ҳумоюнга нисбатан эмас, балки бугунги кундаги ўсиб келаётган ҳар бир ёш ўғил-қизларга нисбатан Ватанни, халқни асраб-авайлаш учун айтилган васиятдек жарангламоқда.


ИИВ Самарқанд академик лисейи

Она-тили ва адабиёт ўқитувчиси

Негматова Дилафруз,

тарих фани ўқитувчиси Жабборов Алимардонлар 

ҳамкорликда тайёрлаган.