Халқимизнинг севимли адиби Тоҳир Малик ўзининг бетакрор асарлари билан адабиёт мухлислари қалбидан мустаҳкам жой олган.Адибнинг «Сўнгги ўқ» романини ўқиб бўлдим-у, хаёлимда асар воқеалари чарх уриб, безовта қиларди. Охири бир куни
қадрдон дўстимга қўнғироқ қилиб:
– Ёдгор ака, мен ҳозир Тоҳир Маликнинг «Сўнгги ўқ» китобини ўқиб чиқдим. Сиз ҳам шу китобни ўқиб кўринг. Асар асосида видеофилм суратга олинса, жуда зўр иш бўларди. Китобда тасвирланган саҳналарни ташкил қилишда ёрдам бераман. Умуман, мендан қандай кўмак керак бўлса, сўрайверасиз. Жуда долзарб мавзу экан. Филм кўпчиликка манзур бўлади, – дедим.
Таклифим Ёдгор Саъдиевга маъқул келди. Сенарий ёзиб беришни адибнинг ўзидан илтимос қилдим.Тоҳир Малик дарҳол рози бўлди. Шундай қилиб, Ёдгор ака ишга киришиб кетди. Мураккаб саҳналар, қамоқхона, милиция идоралари учун жой танланди. Бу борада барча шароитларни яратиб бердим. Суратга олиш жараёнлари бошлангач:
– Кўрасиз, видеофилм зўр чиқади, – деб унга далда бериб қўйдим.
Ички ишлар идораларининг фаолияти билан боғлиқ саҳналар бўйича ўзим ҳам, қолаверса, ИИВ мутахассислари ҳам маслаҳат бериб турдик.
– Видеофилм суратга олиб бўлингандан кейин, ходимларимиз ролларини ижро этган актёрларни бемалол хизматга қабул қилсак ҳам бўлади, – деб ҳазил аралаш санъаткорларнинг кўнглини кўтариб қўйдим.
– Бизнинг ишимиз ҳам милицияникидан кам эмас, – деб бўш келмасди Ёдгор Саъдиев.
Видеофилмни суратга олиш жараёни 1994-йилда тўла тугалланди. Телевидения орқали намойиш этилган видеофилм томошабинлар ўртасида муносиб эътирофга сазовор бўлди.
– Ана, мен сизга айтгандим, зўр видеофилм бўлади, қойил қилдинглар, – деб дўстимни чин кўнгилдан табрикладим.
Зокиржон Алматов.
