Бир подшоҳ вазири билан бирга сайрга чиқибди. Йўл-йўлакай улар бир қишлоққа келиб қолишибди. Жуда кичик, аммо ширингина бир уй олдида тўқув дастгоҳида ишлаб ўтирган қизни кўрган подшо унга яқинлашиб дебди:
– Салом, қизим, даданг уйдами?
– Йўқ, озни кўп қилишга кетди.
– Онанг уйдами?
– Онам ҳам бирни икки қилиш учун кетганди.
– Қизим, уйингиз жуда чиройли, аммо мўриси қийшик.
– Қийшиқ бўлса бордир, лекин тутунни тўғри тутади.
– Сенга бир ғоз йўлласам, патини юласанми?
– Изнингиз билан энг майда патларига қадар тозалайман!
Шундан сўнг подшоҳ қиз билан хайрлашиб, вазири билан яна йўлда давом этибди.
Саройга етганларида подшо вазиридан сўрабди:
– Қиз билан нима ҳақида гаплашганимни англадингми?
– Ростини айцам, ҳеч нарсани тушунмадим, олампаноҳ, – жавоб қилибди вазир.
– У ҳолда тез ўрганиб кел, бўлмаса сени вазирликдан озод қиламан, – дебди шоҳ.
Қўрқиб кетган вазир шоша-пиша чиқиб кетибди. Суҳбат маъносини қандай ўрганишни ўйлар экан, энг яхшиси қизнинг ўзидан сўрашга қарор қилибди.
– Жон қизим, биз бугун ёнингга келдик. Ёнимдаги киши билан суҳбатлашдинг. Ўша сўзларингизнинг маъноси нима эди? Менга тушунтириб бер, илтимос. Кейин нима истасанг сўра, бажо келтираман.
Шунда қиз жавоб қилибди:
– Яхши, маъносини айтаман, лекин ҳар бир жавоб учун ўнтадан олтин берасиз.
Вазир унинг шартини қабул қилибди. Қиз эса англатишни бошлабди:
– У киши мендан отамни сўраганида «озни кўп қилишга кетди» дедим, бу билан дадамнинг деҳқон эканини, далага экин экиш учун кетганини билдирдим. Онам ҳақидаги саволга эса «бирни икки қилиш учун кетганди» сўзи билан волидамнинг ҳомиладор эканини ва фарзанд кўриш учун кетганини айтдим. У «уйингиз жуда чиройли, аммо мўриси қийшиқ» деганида менинг жуда гўзал, аммо кўзларим ғилай эканини қайд этди. Мен «қийшиқ бўлса бордир, лекин тутунни тўғри тутади» дедим ва кўзларим ғилай бўлса-да, яхши кўришини билдирдим.
Вазир қизнинг ҳар бир жавобига ўн олтиндан берибди ва дебди:
– Олампаноҳ энг сўнг «Сенга бир ғоз йўлласам, патини юласанми?» деб сўради, бу нима дегани?
Қиз кулди ва:
– У ғоз сиз, – деди. – Буларнинг ҳаммасини ўрганиш учун бир талай олтин бердингиз.
Қиссадан ҳисса: Эшитиш бир қобилият, аммо тинглаш ва англаш ўзига хос санъатдир.
Турк тилидан
Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
