Сув ҳаёт манбайи, табиатнинг энг ноёб, бебаҳо бойликларидан бири ҳисобланади. Табиий муҳит мувозанатини сақлаб, уни мўтадил ҳолатда ушлаб турувчи асосий омил ролини ўйнайди. Сув ресурсларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Энг ёмони, сув тақчиллиги, тоза ичимлик сувига бўлган талабнинг ошиши фонида иқлим ҳам ўзгариб боряпти, кўплаб низолар, экологик муаммолар юзага чиқяпти. Иқлим ўзгаришининг нафақат сув миқдори камайиб кетишига таъсири бор, балки табиий офатлар кўпайишига олиб келиш эҳтимоли ҳам катта. Қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари билан бир қаторда, сув тошқинлари ҳам юз бериши кузатилмоқда. Шуниси ҳайратланарлики, 2000-йилдан буён сув тошқинлари билан боғлиқ фожиалар олдинги йилларга нисбатан 134 фоизга ошган. 1970-йилдан буён сув тошқинлари оқибатида 322 минг инсон ҳалок бўлган, етказилган иқтисодий зарар эса 1,14 миллиард долларни ташкил қилади.
Дарвоқе, тоза ичимлик суви ҳақида гап кетганда, бир жиҳатни ёддан чиқариб қўямиз. Дунёдаги жами сувнинг 97,5 фоизи денгиз ёки океанларда жойлашган бўлиб, ичишга яроқсиз шўр сувдир. 2,5 фоиз ичишга яроқли чучук сувнинг ҳам аксарият қисми музликлар, олиш қийин бўлган ерости қатламларида жойлашган. Ҳозирда ер юзида мавжуд бўлган чучук сув захираларининг бир фоизидангина инсоният фойдаланиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили камида 1,4 миллион киши тоза ичимлик суви етишмаслигидан вафот этмоқда. Дунё аҳолисининг ярми ҳалигача тоза ичимлик суви, санитария ва гигиена воситалари билан таъминланмаган. Бмтнинг «Атроф-муҳит муҳофазаси» дастури (ЮНЕП) маълумотларига кўра, сайёрамиздаги дарёларнинг ярми жиддий ифлосланган. Айни пайтда ер шари аҳолисининг 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Ҳар йили тоза ичимлик суви танқислиги туфайли 1,2 миллион киши турли хил хасталикларга дучор бўлмоқда. Ҳар йили 5 миллион киши ифлосланган ва сифациз сувдан истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.
Холисанилло айтганда, тоза ичимлик суви муаммоси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Республикамизнинг айрим жойларида истеъмолга яроқли бўлган сувнинг танқислиги сезилмоқда. Сир эмаски, ҳозиргача тоза ичимлик суви кириб бормаган қишлоқлар мавжуд. Кузатишлар мобайнида тоғлардан қуйи томон оқиб тушаётган ариқ ва сойларнинг сувлари йилдан-йилга камайиб бораётганига ишонч ҳосил қиласиз.
Эҳтимол, бу тоғ ёнбағрида ўсаётган дов-дарахтларнинг аёвсиз кесилаётгани туфайлидир. Балки бунга сўнгги йилларда қир-адирларда деҳқончилик қилиш учун минглаб қудуқларнинг барпо этилаётгани сабаб бўлаётгандир. 50, 100, 200 метр ва ундан ҳам чуқурдан қувурлар орқали тортиб олинаётган сувнинг беаёв ишлатилиши, бемақсад сарфланиши натижасида ариқлар қуриб қолаётгандир. Масалан, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол даштларида яшайдиган аҳоли олдин 10 метрдан сув олиб ичишган бўлса, ҳозир 20 метрдан ҳам базўр сув чиқаришяпти.
Таҳлилчилар 2050-йилларга бориб, сувнинг жаҳондаги энг қимматли табиий неъматлардан бирига айланишини тахмин қилмоқда. Гап шундаки, БМТ Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ташкилоти 2050-йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилди. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг «Эcономист Интеллигенcе Унит» ташкилоти эса 2040-йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат номини эълон қилди. Афсуски, улар орасида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув ресурслари масаласида муаммолар келиб чиқмоқда. Зеро, минтақамизнинг оби ҳаётга бўлган эҳтиёжининг деярли 90 фоизини бир неча мамлакат ҳудудидан оқиб ўтувчи Амударё ва Сирдарё таъминлайди. Сир эмаски, айни пайтда бошқа давлатларда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келмоқдамиз. Сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдир. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, ҳали ҳам ичимлик сувини оқизиб қўйиб экинларни суғораверамиз. Автомобилини кунора ичимлик сувида ювадиганларга ҳам кўзимиз тушади. Кўча-кўйда бузуқ суғориш тизимларидан юзлаб литр сувлар беҳудага оқиб ётаверади. Лекин шу топда республикамизнинг қайсидир ҳудудида одамлар бир челак сувга зорлигини тасаввур ҳам қилмаймиз. Экинларни суғоришни-ку қўятурайлик, ҳатто одамлар ўз истеъмоли учун ҳам сув топиши кундан-кунга қийинлашиб бораётгани бор гап.
Шунинг учун ҳозирги пайтда дунёдаги аксарият давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда ҳам экологик табиий мувозанатни тиклашдан тортиб сувдан тежамкорлик билан фойдаланишгача бўлган барча йўналишларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни бир неча йиллардан буён юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида табиатни яшиллаштириш мақсадида барпо этилаётган янгидан-янги боғлар, сув йўқотилишининг олдини олиш учун ариқ ва каналларнинг бетонлаштирилиши, қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш йўлида бунёд этилаётган сув омборлари мисолида кўриш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда кенг жорий этилаётган сув тежовчи технологияларни олайлик. Мамлакатимиз аграр секторида бундай технологияларни қўллаш нафақат сувни сезиларли даражада тежаши, балки ҳосилдорликни ошириши, сарф-харажатларни кескин камайтириши билан аҳамиятлидир. Гап сув сарфини тежаш, унинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш тўғрисида бораркан, бу борада Президентимизнинг 2022-йил 1-мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Ушбу қарорга асосан, 2022-йилда республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий қилинди. Натижада сув сарфи тежаладиган майдонлар 1 миллион гектардан ошиб, қишлоқ хўжалиги умумий экин майдонининг 25 фоизи қамраб олинди. Муҳими, шу йилда 1,6 миллиард тонна сув иқтисод қилинди. Ҳосилдорлик ўртача 30–35 фоизга ошишига эришилди.
2023-йилда ҳам бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилиб, сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар ҳажми ва унинг ижобий самаралари кўламини янада ошириш мақсад қилинган. Ўзбекистон, шунингдек, қўшни давлатлар билан дарёлардан умумфойдаланиш, сув муаммоларини биргаликда ҳал этиш чораларини кўриб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сув фақат одамлар учун эмас, балки бутун тирик жонзот учун ҳам зарур бўлган бебаҳо неъматдир. Уни тежаб ишлатиб, келажак авлодга ҳам борича етказишимиз керак.
Фозилжон МАМАШАРИПОВ,
ўз мухбиримиз.
