Айни кунларда ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар самарали давом этмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан “Маънавият ойлиги” доирасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Маънавият маршрути” дея номланган ушбу тадбирда вилоят ИИБ ҳамда Урганч шаҳри бўйича Ииофмбнинг бир гуруҳ ёш ходимлари иштирок этишди. 

Тадбирда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ва Темурийлар даври” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Очиқ ва самимий мулоқот тарзида давом этган ушбу учрашувда тадбир иштирокчилари Амир Темур ва Темурийлар даврига оид тарихий маълумотлар билан батафсил таништирилди.

“Маънавият маршрути”нинг кейинги манзили Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонаси бўлди. Ёш ходимлар бу ерда узоқ ўтмишни ўзида намоён этувчи тарихий обидалар, асори-атиқалар ҳамда музей-қўриқхонанинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. 

Таассуротларга бой тарзда ўтган ушбу саёҳат ҳар бир ёш ходимга маънавий озуқа бериши билан биргаликда, уларнинг ўтмиш ва бугунги кун ҳақидаги билимларини янада бойитишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилди.  

Худойберган ЖАББОРОВ,

 Хоразм вилояти.