Ўзбекистон Республикаси ИИВ Пробасия хизмати, Тошкент вилояти ИИББ Пробасия бўлими, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад Нурафшон шаҳар ҳамда Ўртачирчиқ тумани ички ишлар органларининг пробасия гуруҳлари назорати остида турган хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш эди.
“Меҳнат ярмаркаси”да Нурафшон шаҳар ва Ўртачирчиқ туман ички ишлар органлари пробасия гуруҳлари рўйхатида турган 65 нафар хотин-қизлар ҳамда 216 нафар ёшлар қатнашди. Тадбир доирасида самимий мулоқотлар ташкил этилиб, пробасия назорати остида жазо муддатини ўтаётган хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммолари, мурожаатлари атрофлича ўрганилди, саволларига жавоб қайтарилди. Уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўташ тартиб-қоидалари, суд томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга амал қилишлари, қайта жиноятлар содир этмаслик, муносиб хулқ-атворда, қонунларимизга итоаткорона муносабатда бўлиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя этиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент вилояти ҳудудидаги 20 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан қатнашди. Назорат остидаги 16 нафар хотин-қиз ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашдилар. Шунингдек, 58 нафар ёшлар ўзлари танлаган йўналишлари бўйича иш билан таъминландилар.
Бундан ташқари, назорат остидаги ёшлар ўртасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга масъул ходимлар томонидан зарурий маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилиб, уларнинг истакларини рўёбга чиқариш, қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар кўрилди. Тадбирлар сўнгида ёшлар вилоят Маданият бошқармаси жамоасининг бадиий чиқишларидан баҳраманд бўлишди.
Бахтиёр РАҲМАТОВ,
ИИВ Пробасия хизмати
матбуот котиби, маёр.