Таъкидлаш керакки, пандемия барча соҳалар сингари, таълим тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказди. УНЕСCонинг маълумотига кўра, дунё бўйича 1,7 миллиард ўқувчи дарслар тўхтатилгани боис анъанавий ўқишдан маҳрум бўлишди. Шундан сўнг аввал ишламаган, жорий этилса-да, фойдаланилмай турган замонавий технологияларни кенг кўллашга мажбур бўлинди. Таълим муассасаларининг аксарияти тўлиқ рақамли таълимга ўтишди.
Бугун таълим муассасалари анъанавий таълимга ўтган бўлса-да, ахборот технологиялари имкониятидан кенг фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Кўплаб олий таълим муассасалари талабалар ва ўқувчилар учун виртуал таълим тизимларини ишга туширди. Масалан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида мактаб ва академик лицей ўқувчилари, талабалар ва АТ соҳасида билим олишни хоҳловчилар учун виртуал таълим йўлга қўйилди. Бошқа олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида ҳам масофавий таълим платформалари, мобил телефон ва планшетлар учун Гоогле Cлассроом, Эреадер иловалари ишга туширилиб, онлайн дарслар ташкил этилмоқда.
Индивидуал фойдаланиш учун электрон дарсликлар кенг жорий этилмоқда. Муҳими, масофавий таълим ва замонавий таълим технологиялари билим олиш имкониятини кенгайтиряпти. Ўқувчи ёки талаба ўзига қулай вақтда, уйидан чиқмасдан туриб, индивидуал ўқитувчидан сабоқ оляпти. Имтиҳонлар ҳам масофадан туриб ўтказилмоқда.
Бугун таълим тизимида кенг қўлланилаётган рақамли технологияларнинг қанчалик самара бераётганини кўпчилигимиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Ўзингиз ўйланг, бир пайтлар мамлакатимизнинг чекка бир ҳудудида яшайдиган абитуриент пойтахтдаги қайсидир олий ўқув юртига ҳужжат топшириши учун келиб-кетишида қанчалик овора бўларди. Кейин титул варағини олиши учун яна, имтиҳон куни ва имтиҳон жавоби чиққандан кейин яна ва яна Тошкентга боришига тўғри келарди. Бу саргардонлик учун қанча вақт, қанча маблағ кетишини фақат шундай кунларни бошидан ўтказганлар билади. Бугун эса ўша кунлар тарихда қолди. Ҳозир республикамизнинг энг чекка ҳудудида яшайдиган ёшлар ҳам уйидан чиқмай туриб, бирваракайига 4–5 та олий ўқув юртига ҳужжат топшириши, имтиҳон натижаларини ҳам ўтирган жойида билиш имкони бор.
Аввал ота-она фарзандини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш учун кўплаб қоғозлар тўғрилаши, бир-неча кун овора бўлиб боғчага бориши, камига, кимнидир рози қилишга мажбур бўлган бўлса, бугун бола электрон рўйхатга олиняпти. Навбати келгач, яшаш жойига яқин ҳудуддаги Мттга жойлаштирилади. Яқин кунларда умумий ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномаларнинг ҳам электрон шаклда берилишини ана шундай қулайликлар сирасига киритиш мумкин. Жорий этилаётган тартибга кўра, 9 ва 11-синф битирувчиларига бериладиган электрон шаҳодатномалар ўзбек ва инглиз тилларида бўлади. Битирувчилар шаҳодатномани электрон платформадан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали бепул юклаб олади. Энди ўзингиз ўйланг, бу каби қулайликлар эвазига буджетнинг қанча маблағи, қанча қоғоз ва вақт тежалади?! Коррупсия деган иллат камайиб, шаффофлик юзага келади. Буларнинг ҳаммаси таълим соҳасига жорий этилаётган ахборот технологиялари самарасидир.
Мактаб таълимида охирги йилларда бўлган энг катта ўзгариш сифатида ўқувчиларни баҳолаш жараёни онлайн платформага ўтказилгани ва шу сабаб қоғоз журнал, кундаликлардан воз кечилганини айтиш мумкин. Соҳа вакилларининг айтишича, бу ўзгариш қоғозбозликни 70 фоизгача қисқартирган. Фан олимпиадалари шаффоф ва ҳаққоний тизимга айлантирилганини эътироф этиш мумкин.
Маълумки, кўпгина ривожланган давлатлар таълим тизимида ахборот технологияларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Аксарият ривожланган давлатлар таълим муассасаларида мактаб дарсликларидан воз кечиб, ўқувчилар электрон дарсликлардан фойдаланиб келишаётганига анча бўлди. Масалан, шу тартибга ўтган, таълимда яхши натижаларга эришаётган Финландияда ўқув дастурларининг таълим жараёнига татбиқ этилишида анъанавий дарсликлар билан бир қаторда, инновацион технологиялар ёрдамида ташкил этилган электрон қўлланмалардан ҳам кенг фойдаланилади. Мамлакатдаги аксарият мактаблар 2017-йилдан дарс вақтида ручкадан воз кечишган. Дарс жараёнида тўлиқ компютер ва планшетлардан фойдаланилади.
Башарти мамлакатимизда ҳам дарсликлар электрон шаклга ўтказилса, давлатнинг, халқнинг қанчадан қанча пули иқтисод қилинарди. Шунинг учун таълимда ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Хўш, бунинг учун нималар қилиш керак? Биринчидан, албатта, мамлакатимизда интернет инфратузилмасини яхшилаш, мобил операторлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, энг муҳими, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг сўнгги ютуқларини ўзлаштиришига шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар яратиб бериш лозим.
Шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва ахборот ресурслари, ўқитиш воситалари ва масофавий ўқитиш технологияларини ривожлантириш, юқори самарадорликка эга рақамли қурилмалар билан жиҳозланган ўқув хоналари, лабораториялар ва бошқаларни ўз ичига олган марказларни ташкил этиш шарт.
Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, педагог кадрларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ривожлантириб бориш ҳам муҳимдир. Шундагина, биз рақамли технологиялардан фойдаланиб таълим сифатини туширмаган ҳолда, ёшларнинг бугунги кун талаби даражасида билим олишига эришамиз.
Фозилжон МАМАШАРИПОВ,
«Постда» мухбири.
