Шу маънода, Ўзбекистонда ҳам инсон капиталига, таълимга қаратилаётган эътибор илк натижаларини кўрсата бошлади. Биргина мисол, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга ошди. Олий таълимда эса қамров 9 фоиздан қарийб 40 фоизга етяпти. 

Мутахассисларнинг фикрича, таълимга киритилган инвестиция бирданига самара бермайди. Камида 5–10 йил кутиш лозим. Бу борада таҳлилий маълумотларга таянилса, шубҳасиз, мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни бугун Ўзбекистоннинг ривожланганлик даражасига қараб таълимнинг қайси бўғинига сармоя йўналтирилиши лозимлиги аниқлаштирилса, маблағ самарали сарфланади. 

Маълумки, мактабгача ҳамда мактаб таълими тизимини изчил ривожлантириш мақсадида, маъмурий ислоҳотлар доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилди. Айни дамда тизимни таркибий мақбуллашти­риш, замонавий дастурларни жорий қилиш, ходимларни рағбатлантиришни кескин ошириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилиниши кутилмоқда. Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Юқори синфдагиларга фанлар борасида танлов татбиқ этилади. Янги ўқув йилидан информатика фани биринчи синфдан ўргатилади. Мактаблардаги энг долзарб муаммолардан бири ўтиладиган мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаганлиги эди. Энди фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. 

Яна бир муҳим фактга эътибор қарацак, эндиликда хусусий мактабларни ташкил қилишда қўйилган талаблар енгиллаштирилиши кутилмоқда. Бундай қулай муҳит пайдо бўлса, тадбиркорлар пул тикиб, кучли мутахассисларни ёллаб, хусусий мактабларни очишига имконият кенгаяди. Бундан бизнесменлар ҳам, Ўзбекистон келажаги бўлмиш ёшлар ҳам ютади. Энг эътиборлиси, бу мамлакат ривожи, эртаси учун жуда аҳамиятлидир.

Битирув­чиларнинг билим самарадорлиги ўтган йилга нисбатан яхшиланган. Статистика ижобий томонга яхшиланганидан сезиш мумкинки, киритилаётган сармоялар, молиявий томондан берилаётган эътибор оз бўлса-да, се­зилмоқда. Ўсиш бор. Тизимдагилар ишлашни эплолмаяпти деб ҳам айта олмаймиз. Бироқ ҳали анчайин жиддий ишлар қили­ниши зарур. 

Таълим-тарбия тизими ҳақида гапирганда, Абдулла Авлоний бобомизнинг доно фикрларини такрор ва такрор айтишга тўғри келади: таълим-тарбия биз учун ҳаёт-мамот маса­ласидир. Биз етук кадрларни тарбия­ламасдан туриб ижобий ўзгаришларга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлашда, аввало, мактабгача таълим тизимининг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам ушбу тизимни қайта кўриб чиқиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Соҳани такомиллаштириш сари илк қадамлар ташланмоқда. Хусусан, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024-йил 1-июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади ҳамда соҳа ривожи учун йўналтириладиган сармоя кескин оширилади. 

Маълумот ўрнида: бугунги кунда мамлакатимизда 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз тар­бияланмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассаса очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Жойларда ўтказилган очиқ мулоқотларда аҳоли боғчаларни янада кўпайтириш истагини билдирган. Шунга асосан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим жараёнини янги тартибда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, жорий йилда шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзи мутасаддиларга мактабгача таълим қамровини кенгайтириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа буджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказлари ташкил этил­моқда. Уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи, прогноз­лаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш жараёнлари кетмоқда. 

Президентнинг 2022-йил 18-июлдаги тегишли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити бе­риш тизими жорий этилди. Бу ҳам катта сармоя, имконият дейиш мумкин. Шу орқали Отмларга хотин-қизларнинг кўпроқ жалб қилинишига эришилади. Яъни, улар фақат уй-рўзғор ишлари ҳамда бола тарбиясигина ўзларининг вазифаси де­йишдан йироқлашади, керак бўлса раҳбар, етакчи аёл бўлишга интилади. Шу орқали зиё­ли инсонлар кўпаяди. Бундан бутун мамлакат ютади.

Унутмайликки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир. Соҳага қанча кўп инвестициялар жалб қилиниб, эътибор кучайтирилаверса, бу, албатта, ўз натижасини бермасдан қолмайди. 

Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.