Маънавият ва маърифат дарси
8-декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
2023-йил 30-апрел куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принсипларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилувчи эзгу ғоя ҳамда мақсадларимиз билан бошланувчи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, ҳокимиятнинг бўлиниш принсипи ва бир-бирини тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий консепсияси ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент ва Ҳукумат ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди.
Конституцияда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида белгиланганлиги давлат нафақат демократик тамойилларга амал қилиши, шу билан биргаликда, унинг халқни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш мажбурияти мавжуд эканлигини таъкидланди. Давлат ҳокимияти органлари томонидан мазкур соҳаларга алоҳида эътибор қаратилишига урғу берилиб, ҳар бир мансабдор шахснинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш лозимлиги яна бир бор қайд этилди.
Бош қомусимиз талабларидан келиб чиқиб, биргина ўтган йилнинг ўзида ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 134 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу маблағларнинг 2016-йилга нисбатан 5,6 баробар кўпайганлиги, албатта, қувонарли ҳол. Шунингдек, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши асосида Бош қомусимизнинг ўттиз икки йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, унда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғоялар атрофида фуқароларни жипслаштириш чоралари кўриляпти. «Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган кўплаб ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Нафсиламрини айтганда, ҳар биримиз тараққиётимиз ва эркин ҳаётимиз кафолати бўлмиш Бош қомусимизни ўрганишимиз, тарғиб қилишимиз лозим. Зеро, одамлар ўз ҳуқуқ ва эркинликлари, бурч ҳамда мажбуриятларини билган, уларга амал қилган ва бошқалардан ҳам риоя этишини талаб қила оладиган жамиятда чин фуқаролик позицияси шаклланади, бундай жамият сўзсиз тараққий этади.
Салоҳиддин ҲАМРОЕВ,
катта лейтенант.
