Дунёдаги 14 та давлат етакчиси ва 10 га яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирокида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида ҳозирги кунда мазкур минтақа аҳолисини қийнаб келаётган кўплаб муаммолар муҳокама этилиб, уларни бартараф этишга оид бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бугун ИИВ Маданият саройида ташкил этилган “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мавзусидаги тадбирда ҳам ушбу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Шоҳрух Нуралиэв дунё ҳамжамияти нигоҳида ўзининг принсипларига содиқлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслиги билан тобора обрў-эътибор қозонаётган мазкур ташкилотнинг бу галги саммитида ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига оид 44 та ҳужжат имзоланганлигини айтди. Айниқса, улар орасида Шҳтга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро савдода миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси”, ташкилотнинг кейинги 5 йиллик режаси ва саммитнинг бош ҳужжати бўлмиш Самарқанд декларациясининг борлиги айни муддао эканлигини таъкидлади.

Шунингдек нотиқ ўз сўзида давлатимиз раҳбари томонидан ҳам иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, хавфсизлик, Афғонистон ва экология масалалари бўйича бир нечта таклифларни илгари сурганлиги, бундан ташқари, навқирон ва қадимий Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар учун 80 дан ортиқ турли маданий ва маърифий тадбирларнинг юқори савияда ўтказилганлигини ҳам қайд этиб ўтди. 

Осойишталигимиз посбонларида катта қизиқиш уйғотган ушбу маърифий тадбир якунида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди. 

– Бугун, ер юзи аҳолисининг деярли ярмини қамраб олган ушбу ташкилотнинг фаолиятига оид кўплаб маълумотларга эга бўлдим, – дейди ИИВ Ташкилий-штат ишлари бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори, капитан А. Жабборов. – Шу боисдан ходимларнинг сиёсий билим ва савиясини янада оширишда бу каби тадбирларнинг аҳамияти жуда катта. 

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.