“Маънавият ойлиги” доирасида ўтазилган навбатдаги маданий-маърифий тадбир фарғоналик бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари учун қўшалоқ байрамга айланди. 

Боиси, шу куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёз берувчи тавсияномалар тантанали равишда топширилди.  

Осойишталик посбонларининг фарзандлари вилоят ИИБ раҳбарияти қўлидан тавсияномаларни қабул қилиб оларкан, келажакда Ватанимиз учун керакли кадр бўлиб етишишга, ота-оналарининг ишини муносиб давом эттиришга, юрт тинчлигини кўз қорачиғидак асрашга сўз бердилар.

Эътиборлиси шундаки, бу йил вилоят бўйича 125 нафар ходимнинг фарзандлари ана шундай бахтга мушарраф бўлди.

– Бугун бизнинг оила учун жудаям қувонарли кун бўлди,– дейди Биринчи минтақавий ҳудуд патрулъ-пост хизмати отряди иккинчи гуруҳ сафдор-ходими Абдурашид Тожибоэв. – Фарзандларим Чаросхон Абдуназарова ҳамда Абдувоққос Абдуназаровга олий ўқув юртига ўқишга кириш учун имтиёз берувчи тавсияномалар тақдим этилди. Фурсатдан фойдаланиб, ходимларга эътибор ва ғамхўрлик қилиб, ана шундай имтиёзлар яратиб бергани учун Вазирлик раҳбариятига барча ота-оналар номидан самимий миннатдорлик билдираман. Келажакда бу эътибор ва рағбатни ўзимнинг самарали хизматим билан оқлашга сўз бераман.

Шу куни ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Фарғона вилояти ички ишлар бошқараси қошидаги “Лидерлар” жамоаси ҳамда Фарғона давлат университетининг истеъдодли талаба-ёшлари ишторикида “Қувноқлар ва зукколар” номли консерт дастури ҳам намойиш этилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

"Ростда" мухбири.

Фарғона вилояти.