1989-йил 21-октабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу мустақилликка ташланган илк қадамлардан бири бўлди. Истиқлолга эришгач, Бош қомусимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019-йил 21-октабрда «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 20-октабрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ўзбек тилини 2030-йилгача ривожлантириш консепсияси тасдиқланди. «21-октабр – Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.
Сўнгги йилларда кўплаб идоравий ҳужжатларнинг юритилиши давлат тилига ўтказилди. 100 мингдан ортиқ географик обект номлари давлат реестрига киритилди. Ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилди. Янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун Атамалар комиссиясининг фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, аниқ илмий мезонлар ишлаб чиқилди.
Раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими жорий этилиб, қисқа вақт ичида 3 мингдан зиёд талабгорнинг қарийб 1 минг 500 нафарига давлат тилини билиш бўйича сертификатлар берилди. Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди.
Жорий йил 1-январдан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши она тилимиз фидойиларининг шарафли меҳнатини рағбатлантириш учун катта эътибор ва эътироф бўлди.
Бадиий таржиманинг тил тараққиётида улкан аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, мамлакатимизда бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани ўзбек тили ва адабиётини янада бойитиш ва дунёга танитишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Шу ўринда Ёшлар ишлари агентлигининг ватанпарвар йигит-қизларни жалб этиши натижасида «Википедия» халқаро интернет энсиклопедиясидаги ўзбекча маълумотлар ҳажми кескин кўпайиб, давлат тилида эълон қилинаётган мақолалар ҳажми бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи мамлакатга айланганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.
Ўтган давр мобайнида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган 33 мингдан ортиқ ходимлар ўқитилгани, шунингдек, телерадиоканаллар ва интернет сайтларида давлат тилини ўрганишга ёрдам берадиган дастурларнинг сони ва эфир вақтларини кўпайтириш, мустақил тил ўрганувчилар учун қўшимча адабиётлар, луғат ва қўлланмалар нашр этиш доимий эътибор марказида бўлгани ҳам диққатга сазовор ишлардир. Айни пайтда рақамли маконда давлат тилини кенг жорий этишга мўлжалланган ишларни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш долзарб вазифалардан биридир.
Тилимиз бойлиги ҳақида сўз юритган ўзбек романчилигининг асосчиси бўлган Абдулла Қодирий бежиз «Ўзбек тили камбағал эмас, уни камбағал деганларнинг ўзлари камбағал», дея таъкидламаган. Чунки ўзбек тили шу қадар бойки, унинг хазинасидан исталган сўзингизнинг бир неча вариантини топа оласиз. Балки, шунинг учун ҳам ҳазрат Навоий туркий тилда «Хамса» яратиб, «Муҳокаматул луғатайн»ни битишни ихтиёр қилгандир?! Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ҳинд диёрида яшаган бўлса ҳам, авлодларимга эсдалик, дея она тилида шоҳ асари – «Бобурнома»ни ёзгандир?!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида таъкидланганидек, «Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўтабардир». Ҳақиқатан ҳам, инсон қалбидаги энг олижаноб фазилатлар унинг она тилининг бетакрор мўжизаси, сеҳри ва жозибаси билан шаклланади ва камолга етади.
Хулоса ўрнида таъкидламоқчи бўлганимиз ўзбек халқининг ўзлигини Ўзбекистондан минглаб чақирим йироқларга етадиган овозда куйлаган Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, она тили – умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий бўлиб, бу ёлғиз тилшуносларнинг эмас, бутун миллатнинг иши эканини доимо ёдда тутишимиз зарур.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
ўз мухбиримиз.
