Маънавият ва маърифат дарси
Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар.
Абдулла ҚОДИРИЙ.
Олтин сандиғим
Ҳар бир миллатнинг тили унинг бебаҳо қадрияти ҳисобланади. Бу жиҳатдан қараганда, муайян тилда сўзлашадиган миллат вакилларининг сони у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Асосий мезон тилнинг асрлар давомида сайқалланиб, шакллангани, муайян ҳудудда яшайдиган аҳолига муомала, мулоқот воситаси сифатида хизмат қилгани билан белгиланади.
Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон аҳли бугунги кунда етти мингдан зиёд тилда гаплашар экан. Буни қарангки, уларнинг фақатгина 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Бирор-бир тилнинг яшаб қолишини таъминлаш учун ундан камида бир миллион киши фаол фойдаланиши керак, дейди соҳа мутахассислари.
Кўз тегмасин, бугунги кунда Ер юзида 50 миллионга яқин инсон ўзбек тилида сўзлашади. Бундан кўриниб турибдики, бебаҳо тилимиз дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётир. Ўз навбатида «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Ватан – бу...
Ватан нима? Кўпчилик бу саволга «Ватан – бу мустақиллик, киндик қони тўкилган замин», – дея жавоб беришади. Мен эса «Ватан – бу менинг она тилим», дейман. Чунки юртимиз ҳурлиги йўлидаги ҳаракат мустақилликдан олдинроқ бошланган. 1989-йил 21-октабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Мустақилликнинг муҳим шартларидан бири ҳам шу эди. Кейинчалик бу Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Тан олиш жоизки, мамлакатимизда барча соҳалардагидек, давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимиз ўз маърузаларида «Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимизнинг қоидасига айлантиришимиз лозим», дея алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, давлат тилининг тараққиёти, унинг нуфузини ошириш, унга теран муҳаббат ва эҳтиром тарбияси борасида ҳам тамомила янги босқич бошланди.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда она тилимизга бўлган эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлагани барча юртдошларимиз қалбига чексиз ғурур, фахр бағишлади.
«Давлат тили ҳақида»ги қонун ўзбек тилини илмий асосда ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратди, унинг қўлланилиш доирасини кенгайтирди. Мазкур қонун мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили мақомига эга эканлигини белгилаш билан бирга, бошқа тилларнинг камситилмаслигини ҳам эътиборга олади. Ушбу ҳужжат она тилимизнинг мавқеи ошиши ва равнақ топиши, янада такомиллашуви учун ҳуқуқий асос бўлди.
Маърифатпарвар бобомиз айтганидек...
ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган «Йўқолиш арафасида турган дунё тилларининг атласи»да таъкидланишича, Европадаги 50 та, Тинч океани ҳудудидаги 2000 та, Африка қитъасидаги 250 та тил ҳалокат арафасида турибди. Аср охирида Ер юзида мавжуд бўлган тилларнинг ярми йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Албатта, бутун бошли тилнинг йўқолиб кетишига муайян омиллар сабаб бўлади. Масалан, буни глобаллашув жараёнлари ва урбанизация ҳодисасининг кучайиши билан боғлашмоқда. Уларнинг сафига илм-фан, техника ривожини ҳам қўшиш мумкин.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: «Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмак», деб бежиз айтмаган. Шу маънода, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг давлат тили барча соҳаларда фаол ишлатила бошланди, жиддий ва салмоқли ишлар давлат тилида амалга оширилмоқда. Аввало, қонунлар ўзбек тилида яратиладиган, идоравий ҳужжатлар она тилимизда юритиладаган бўлди. Бу, албатта, миллий тилимизга нисбатан ҳурмат, миллатимиз руҳини янада баланд мақомларга кўтаришдир.
Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, ҳурлигимиз тимсолларидан бири бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, ундаги иборалар маъносини англамасдан нотўғри ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тил миллатимиз фахри, жамиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Айни чоғда, тил қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо эътиборли бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.
Давлат тилида иш юритиш
Ҳар бир вазирлик ва идорада давлат тилида иш юритиш масалаларига биринчи раҳбарларнинг шахсан жавобгар эканлиги қонун ҳужжатларида аниқ белгиланди. Аммо шунга қарамасдан, баъзи ҳолларда иш жараёнлари рус тилида олиб борилаётганлиги ҳам ачинарли ҳолдир. Яқин-яқингача ички ишлар органларида айрим ҳолларда ҳужжатлар рус тилидан тўғридан-тўғри кўчириш оқибатида сана ва йилни кўрсатишда жузъий хатоликларга йўл қўйилган. Масалан, «18-сентабр 2021-йил» тарзида ёзилган. Ваҳоланки, она тилимизда «2021-йил 18-сентабр» тартибида ёзилиши керак. Шунингдек, ички ишлар органлари тизимида ҳамон бошлиқни «шеф» ёки «ўртоқ началник», ЙПХ инспекторини «командир», «хўп бўлади»ни «ест» тарзида ишлатишимиз ачинарли ҳолдир.
Яна бир муаммо, ходимлар томонидан ҳужжатларни аввал кирилл алифбосида ёзиб, сўнг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига компютер дастурлари орқали ўгириш ҳолатлари кузатилмоқда. Нашриётларда чоп этилаётган сара адабиётларнинг, даврий нашрларнинг ҳалигача кирилл алифбосида чоп этилаётганлиги ўқувчининг янги алифбони ўрганишга бўлган истагини рағбатлантирмаяпти. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тиниш белгилари ва имло қоидаларининг кирилл алифбоси асосидаги қоидалардан фарқ қилиши туфайли, ходимларда етарлича кўникма бўлмаганлиги сабабли ёзишмаларда аксарият ҳолларда имловий хатоликлар кузатилмоқда.
Хўш, бу каби муаммоларни ҳал этиш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, ахборот-ресурс марказларидаги адабиётларни босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги вариантлари билан алмаштириш.
Иккинчидан, мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш юзасидан тизимдаги ходимлардан диктант олиниши. Бу барча даражадаги ходимларнинг тил билиш даражасини ҳамда ёзиш салоҳиятини янада ривожланиши учун хизмат қилади;
Учинчидан, оммавий ахборот воситаларида давлат тилига қатъий риоя этилишини таъминлаш ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришда ўз самарасини беради.
Ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган тиллардан биридир. Она тилимиз булоқдек тоза ва мусаффо, истеъмолга доим яроқли бўлиши шарт. Демак, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Хуршид РЎЗИЕВ,
подполковник.
