ИИВ Жиззах академик лицейида Жиззах давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида маърифий тадбир уюштирилди.

Тадбирда ўзбек тилига оид илмий изланишлар, луғатлар яратиш, хориж тилларининг тилимизга ва аксинча, ўзбек тилининг ўзга тилларга таъсири ҳақида сўз юритилди. Сўнгги йилларда ўзбек тили ва адабиётини тараққий эттириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Ўз навбатида ўқувчилар томонидан мавзуга оид бадиий дастур намойиш қилинди.

Айни пайтда вазирлик тизимидаги барча ўқув муассасаларида бўлгани сингари ИИВ Жиззах академик лицейида она тили фани ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида кўрик-танловлар, билимлар беллашувлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир.

Чунончи, лисейнинг бир гуруҳ ўқувчилари Жиззах давлат педагогика университетида қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб очилган музейга ташриф буюрдилар. Бу ерда уларга юртимиз равнақига улкан ҳисса қўшган ва афсуски, манфур тузум янчиб ташлаган улуғ аждодларимиз, хусусан ўзбек шоир ва ёзувчилари ҳақида сўзлаб берилди. Шу билан бирга юрт ойдинларининг тилимиз ҳамда адабиётимиз ривожи, халқимизни қулликдан уйғотиш, озодликка ундашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ўқувчилар диққат марказида бўлди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.