«Уруш» жуда қақшатқич, совуқ сўз. Унинг замирида вайронкорлик, ваҳшийлик мужассам. Инсоният яралганидан буён не-не урушларга гувоҳ бўлган. Мислсиз йўқотишлар ва айрилиқ, халқ хотирасидан узоқ вақтга ўчмайдиган совуқ урушлардан бири 1941–1945-йилларда давом этиб, унда 20 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғи қуриди.
Афсуски, Иккинчи жаҳон урушида жафокаш ва фидойи ўзбек халқи ҳам не-не қаҳрамон, мард ўғлонларидан айрилди. Урушга халқимизнинг 1,5 миллиондан зиёд ўғлонлари сафарбар этилган бўлса, 263 000 дан зиёд аскар ҳалок бўлган,
132 670 киши бедарак кетди. 60 452 нафари майиб-мажруҳ бўлди. 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик жангчилар асирга тушган. Бу – фронтга сафарбар қилинган юртдошларимизнинг ҳар уч нафаридан бири уйига қайтмаганини билдиради.
Статистик маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакатимиз мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда бор кучини аямай сарфлаган. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 млн. сўм нақд пул, 4 млрд. 226 млн. сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш йиғилди.
Армия учун миллионлаб гимнастёрка, пахтали комбинезон, этик ва қўнжли ботинка юборилган. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга миллионлаб метр газлама, тонналаб ғалла, картошка ва сабзавот, полиз маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар жўнатишган. Уруш йилларида республикада 280 та янги корхона барпо этилган.
Уруш даҳшатлари оғриқлари неча-неча хонадонларга ғам ва алам олиб келганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Отасини йўқотган фарзандлар, боласидан айрилган оналар, ака-укасидан айрилган инсонларнинг қалб изтироблари нақадар оғир бўлганига гувоҳмиз. Бугунги дориламон кунлар ота-боболаримизнинг мардонавор курашлари, қонли жангларда азиз жонлари қурбон бўлгани эвазига қўлга киритилганини англашимиз шарт.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сафимизда жуда оз қоляпти, уларга кўрсатилаётган эҳтиром ва ҳурмат кўлами давлатимиз раҳбари бошчилигида йилдан-йилга кенгайиб бораётгани қалбимизни фахр-ифтихор туйғусига тўлдиради. Инсон хотираси азиз, қадр-қиммати эса муқаддас экани ёшларимизга ибрат вазифасини ўтайди. Келажак авлод эса ана шундай қадриятларимизни асраб-авайлашни бугундан ўрганади. Шунинг учун ҳам ёшларимизни миллий ва инсоний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаётганимиз кўнгилга таскин беради.
Бугун инсоният олдида ўтмишдаги урушдан ҳам кўра хавфлироқ муаммолар кўндаланг турганини ҳис қилишимиз ҳам даркор. Ахборот асрида сиёсий ва мафкуравий ахборотлар уруши ёшлар онгини заҳарламоқда. Ёт ғоялар таъсири, бир тўда қора кучларнинг ҳокимият учун курашлари қурбони бўлмаслигимиз ҳам керакки, буни енгиш учун илм-маърифат билан қуролланишимиз шарт. Ана шундагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша оламиз.
Рузмат ДАДАЖАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти.
