ИИВ Малака ошириш институти бошланғич касбий тайёргарлик факултети ўқув-йиғини тингловчиларининг маънавий салоҳиятини янада ошириш ва сиёсий дунёқарашини кенгайтириш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 5-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси, дунёдаги таҳликлали сиёсий вазиятлар мавзуси юзасидан навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси сиёсий шарҳловчиси, халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ЮНЕСКО академиги Қобилбек Каримбеков мавзуни ёритиб берди.
Тадбирни Малака ошириш институти бошлиғининг ўринбосари, полковник Б.А. Улуғбеков очиб берди. У бугунги кунда дунё сиёсий майдонида мураккаб жараёнлар юз бераётганлигини, ҳар бир жаҳонда содир бўлаётган вазиятларга сергаклик ва ҳушёрликни йўқотмаслик, дунёда содир бўлаётган янгиликлардан хабардор бўлишнинг муҳимлиги, ахборот хуружи каби энг долзарб муаммоларни ички ишлар тизимида фаолият олиб борувчи ҳар бир ходимнинг мазкур жараёнларни диққат билан кузатиб бориши зарурлигини таъкидлаб, мавзу юзасидан сўзни Қ.Т. Каримбековга берди.
Қ.Т.Каримбеков ўз нутқи аввалида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг еттинчи йўналиши мамлакатнинг ташқи сиёсатига бағишланганлиги, мазкур йўналишда хориж мамлакатлари билан очиқ ва дўстона муносабатларни амалга ошириш устувор мақсад сифатида белгиланганлигига тўхталиб ўтди.
Тадбирда дунёда рўй бераётган янгиликлар, барчанинг диққат марказида бўлган воқеа-ҳодисалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритилди. Тингловчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати
