Тинчлик қадри ислоҳотлар уйғунлигида

Ҳамма замонларда ҳам эл-юрт осойишталигини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш энг муҳим масалалардан бўлиб келган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган илк ислоҳотлар ҳам айнан фуқароларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш соҳаларига доир бўлди. Бунда асосий эътибор ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилди. Ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан фуқаролар билан мулоқот қилиш, жиноятларни маҳаллаларнинг ўзида муҳокама қилиш, энг чекка қишлоқларга бориб, аҳолининг дардини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, биринчи навбатда, халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил тизим яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишдаги яна бир улкан қадам бўлди.

Қарор билан ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш, маҳаллалар, аҳоли тураржойлари ва бутун юртимизда қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ҳаётда тўлиқ ўз аксини топиш мақсадини кўзлайди.

Маънавият барқарорлиги бардавом

Ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар қилинди. Осойишталик посбонларини хизмат бурчига садоқат, ватанпарварлик, ҳалоллик руҳида тарбиялаш, имижини оширишга эришиш вазирлик раҳбариятининг доимо диққат марказида. Ислоҳотлар натижасида ходимларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди, айни пайтда масъулияти ҳам ошди, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий томондан ҳимоялаш асослари яратилди. Бугунги кунда ички ишлар органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида шахсий таркибни зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга лаёқатли, маънавий етук, руҳий ва жисмоний жиҳатдан баркамол, малакали ходимлар билан жамлаш чоралари кўрилмоқда. 

Ички ишлар органларида ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган ватанпарвар ходимлар жуда кўп. Айнан шундай ходимлар ва уларнинг фидокорона хизматлари туфайли тизимда маънавиятнинг барқарорлиги бардавомдир.

Ҳаммаси инсон қадри учун

Жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун уларда зарур кўникмалар шакллантириляпти. Соҳани тўлиқ рақамлаштириш йўналишида муҳим қадамлар қўйилди. Босқичма-босқич ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилмоқда. 

Маҳаллаларда яратилган тизим – «фуқаробай», «оилабай» ва «маҳаллабай» ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш ўз самарасини бераётир. Хусусан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш амалиёти жорий этилди.

Жиноятчилик ҳолатдан келиб чиқиб, туман, шаҳар ва маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилиб, мутассадилар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда «жиноят ўчоқлари»ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситалар жалб қилиниш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш чоралари кўриляпти.

Халққа хизмат – олий саодат

«Янги Ўзбекистон ички ишлар органлари» тизимини яратиш мақсадида соҳани замонавий билимли, юксак инсоний ва профессионал салоҳиятга эга бўлган ёш кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ички ишлар органларида Жамоатчилик кенгашлари давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, ички ишлар органлари фаолиятини янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқда. Мазкур тузилма замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотни ташкил этган ҳолда, ўзаро ижтимоий манфаатлар келишилишини таъминлайди.

Аҳоли ички ишлар органлари ходимларини нафақат профессионал ва маҳоратли касб эгаси, балки муомала одоби ва эстетикасига эга шахс сифатида кўришни истайди. Ижтимоий тармоқларда ходимларимизга нисбатан билдирилаётган эътироз ва танқидларнинг аксарияти муомала одоби ва эстетикага тегишлидир. Шу сабабли, бугун ички ишлар органлари ходимига муомала одоби ва эстетикасини ўқитиш – ҳаётий эҳтиёжга айланди. 

Бир сўз билан айтганда, асосий мақсад – ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш, тизимда ўз келажагига янгича қарайдиган, Ватанга ва хизмат бурчига садоқат руҳида тар­бия­ланаётган, эл-юрт хизматига шай, юраги ёниб, кўзларидан ўт чақнаб турган ташаббускор ва фидойи кадрларни тайёрлашдир.   

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

подполковник.