Домла Шайхзода юксак илм эгаси эди. Айниқса, у ўзбек мумтоз адабиётини чуқур биларди. 1941 йилда Тошкентда нашр этилган «Гениал шоир» тўплами адабиёцҳунос олимнинг Навоий ижодига оид илмий мақолаларидан ташкил топган. Навоий шеъриятининг бу чуқур илмий тадқиқи навоийшуносликда ҳамиша алоҳида ўрин эгаллаб қолади.
Шайхзода Навоий маҳоратини, унинг санъаткорлигини теран ўрганишни бошлаб берган ўткир тадқиқотчи эди. Устознинг юртимиздаги етакчи олийгоҳларда узоқ йиллар давомида ўзбек адабиёти тарихидан ўқиган маърузалари, махсус курслари ҳам мумтоз адабиётимизга бўлган улкан муҳаббатнинг инъикоси эди.
У узоқ йиллар давомида гениал ўзбек шоири ва мутаффакири Алишер Навоий ижодини севиб ўрганди, қалб меҳри билан битилган мақола ва рисолаларида бу буюк даҳога бўлган юксак ҳурмати ва муҳаббатини катта самимият, илмий теранлик билан баён қилди. Шайхзода нафақат Навоий, балки Бобур, Огаҳий, Амирий, Нодирабегим, Муқимий, Завқий, Фурқат каби мумтоз шоирлар ижодини ҳам жиддий ўрганган ва ўз илмий тадқиқотларини доимий равишда эълон қилиб борган.
Истеъдодли шоирнинг жаҳон адабиёти мумтоз адибларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишида ҳам ана шу буюк муҳаббатни кўриш мумкин. Жумладан, Шекспирнинг «Ҳамлет» ҳамда «Ромео ва Жулъэтта» асарлари ўзбек театрлари саҳнасида Шайхзода таржимасида саҳналаштирилди. Пушкин, Лермонтов, Байрон шеърларини ўзбек ўқувчисига илк бор тақдим этган шоирлар авлоди ичида Шайхзода ҳам бор.
ҚАТАҒОН МАСНИНАСИ
Ўтган асрнинг 30-йилларида ишга тушган ва кейинги йилларда тинимсиз ишлаб турган қатағон машинаси Мақсуд Шайхзодани ҳам четлаб ўтмади. Айнан 50-йиллар бошида нуктадон шоирни мутлақо асоссиз равишда қамоққа олишади ва у 25 йилга сургун қилинади. Сталин вафотидан сўнг туҳмат билан ноҳақ қамалганларнинг иши қайта кўрилиши асносида кўпгина фидойи зиёлиларимиз қатори, Шайхзода ҳам оқланиб чиқади. Лекин беш йиллик қамоқхона азоблари натижасида шоирнинг соғлиғи жуда ёмонлашиб қолганди. Шунга қарамай, умрининг охиригача 10 йил давомида баланд уйнинг энг юқори қаватида яшашга мажбур бўлди. Ана шундай оғир шароит ва хасталикда ҳам ҳаётидан сира нолимай сўнгги нафасигача ижод қилишдан тўхтамади. Энг муҳими, бошидан қанчадан-қанча мусибатли кунлар ўтган бўлмасин, у ҳеч қачон зорланмаган. Унга хиёнат қилган, уни азоб уқубатларга, жиддий хасталикларга дучор қилганлар ҳақида ҳеч қаэрда, ҳеч нарса демаган. Шайхзода ўзининг инсоний фазилатларига содиқ қолиб, доимо хайрихоҳлик ва олижаноблик хислатлари билан юксалиб яшади.
«ТОЛЕ ДОИМ ЭРКАЛАМАГАН» АДИБ
Кўпинча ижодкори сийланмаган асарнинг тақдири ҳам шўришлардан холи бўлмайди. Буни «халқимизнинг меҳнат қаҳрамонлиги, кураш ва жанг, озодлик ва дўстлик, бахт ва алам, юртнинг гўзал манзаралари ва инсоннинг маънавий жамоли менинг қаламимга ошно, дилимга мазмун бўлиб келди» деб ёзган Мақсуд Шайхзода ва унинг шоҳ асарларидан бири бўлган «Жалолиддин Мангуберди» трагедияси мисолида ҳам кўриш мумкин.
«Миллий фирқа» ташкилотига аъзо бўлиб, мусовотчилар ҳаракатида фаол қатнашгани учун 1928 йили ҳибсга олиниб, Тошкентга сургун қилинган шоирни шўро ҳукумати Ўзбекистонда ҳам таъқиблар ва таҳқирлардан бенасиб қолдиргани йўқ.
Иккинчи жаҳон уруши айни қайноқ паллага кирган 1944 йилда ёзилган «Жалолиддин Мангуберди» трагедиясида ўз юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун мўғул истилочиларига қарши курашган сўнгги Хоразм шоҳининг жанговар жасоратини тарихан аниқ ва ҳаққоний тасвирлангани Ойбек ва Ғафур Ғуломлар томонидан юксак баҳоланган. Бироқ 1946 йилгача драмадан айрим парчалар «Армуғон» тўпламида чоп этилгани инобатга олинмаса, кейинги 43 йил давомида асар ҳақида лом-мим дейилмади. Ўтмишни идеаллаштирган деган сиёсий айб қўйилиб, саҳнадан олиб ташланган асар ортидан Шайхзоданинг ўзи ҳам қамоққа равона бўлди. Қизиғи, муаллиф маҳбусликдан озод этилганига қарамай, мусодара қилинган асар қўлёзмаси драматургга қайтарилмайди. Янаям ҳайратланарлиси, не бир машаққатлар билан топилган ягона нусха ҳам бир неча ўн йиллаб нашр юзини кўрмай ётаверади.
Тақдирнинг яна бир шўришини кўрингки, муаллиф ўз асарининг чоп этилганини кўрмасдан кўз юмди. Вафотидан йигирма йил ўтгач, «Жалолиддин Мангуберди» биринчи марта ўзбек тилида ёзувчининг «Боқий дунё» китобида тўлалигича босилиб чиқади. Орадан яна ўн йил ўтгач, Вазирлар Маҳкамасининг «Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори Мақсуд Шайхзоданинг халқимиз тарихига, хусусан, Жалолиддин Мангуберди тақдири ва курашига одилона ёндашганлиги, тарихий ҳақиқатни ҳимоя қилганлигини юз фоиз тасдиқлади.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Шайхзода қисқа ҳаёт кечирди – ижоди энг гуллаган пайтда, айни ширага тўлган вақтда 60 ёшга ҳам тўлмай, 1967 йил 19 февралъ куни узоқ давом этган хасталикдан сўнг оламдан кўз юмди. У Тошкентнинг Форобий қабристонида дафн этилган.
Бир замонлар Низомий таваллуд топган Ганжа вилоятида туғилган, фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, завқ-шавқ билан ижод қилган, замонавий ўзбек адабий тили ва адабиётига салмоқли ҳисса қўшган бу улуғ инсон ҳақида ҳали жуда кўп ва хўб ёзиш мумкин эди. Лекин мақоланинг хулосасини ҳам файласуф шоирнинг ўзи айтди-қўйди:
Умрлар бўладики,
Тиригида ўликдир,
Умрлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.
Темир ҚУРБОН.
