Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани, аниқроғи, Марказий Қизилқумда, Мингбулоқ қишлоғидан 30 км узоқликда жойлашган Жарақудуқ дараси – очиқ осмон остидаги ноёб палеонтологик музей ҳисобланади. Илмий фаразларга кўра, бу ерда тахминан 95 миллион йил аввал ҳудуддаги чинор (платан) ва қирққулоқ (папоротник)ларнинг вертикал ҳолатдаги тошларга айланиши натижасида ушбу «Тошўрмон» юзага келган.

Олис ўтмишнинг бетакрор ва ўчмас саҳифаси бўлиб муҳрланиб қолган тошлар ўрмони ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизасидир.

Миллион йиллар олдин табиати бой, гўзал манзарага эга «Мингбулоқ» ботиғига коинотдан бегона бир жисм, яъни метеорид келиб урилади. Натижада, денгиз суви парчаланиб, бу ер юз йиллар давомида қуёш нуридан панада — чанг-тўзон гирдобида қолади. Оқибатда эса бегона жисмнинг кимёвий ва физик хусусиятлари билан қоришуви натижасида денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, қуруқлик ва сувда яшайдиган жониворлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади.

Археолог олимлар томонидан олиб борилган изланишлар туфайли топилган суяклар денгиз жониворларига тегишли эканлиги ўз исботини топди. Қолаверса, бугунги кунда ҳам ҳудудда тош қотган чиғаноқлар, дарахт танаси ва ҳатто, меваларини ҳам учратиш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, «Тошўрмон»да ёнғоқ, бодом, жийда, шафтоли, олча ва шунга ўхшаш дарахтлар ўсганини исботловчи далиллар бор.