Айнан ана шу мақсадда, яъни мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни кўзлаб, 2009-йилнинг 3-октабр санасида Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига асос солинлган. Аслида унга қадар ҳам Туркий давлатлар раҳбарлари саммити мавжуд бўлиб, унинг илк йиғилиши 1992-йил 30-октабрда Анқарада ўтказилган эди. 2018-йилнинг сентабр ойида Президентимиз ушбу ташкилотнинг Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. 2019-йил сентабрида Ўзбекистон Нахичеван битимини ратификация қилиб, ўша йили октабрда тузилмага расмий қўшилди.
Айни пайтда Туркий тилли давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия киради. Венгрия ҳамда Туркманистон эса унинг фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этади.
Бу ташкилот, яъни Туркий кенгаш халқаро тузилмалар ичида биринчи бўлиб пандемияга қарши биргаликда курашишга бағишланган давлат раҳбарлари фавқулодда саммитини ўтказди. Ушбу саммитда нафақат турли тиббий жиҳозларни етказиш йўли билан ўзаро ёрдам кўрсатиш борасида, балки транспорт, иқтисод, савдо, чегара ва миграция каби бир қатор соҳаларда ҳам янги мақсад ҳамда вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ташкилот ишида фаол иштирок этмоқда. Давлатимиз тузилма доирасида бир қанча ташаббусларни илгари сурган. Ушбу таклиф ва ташаббуслар замирида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда туркий тилли халқлар ҳамда давлатлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдек эзгу мақсадлар ётибди.
Сўнгги йилларда ташкилот аъзоларининг савдо-иқтисодий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлиги тобора кучаймоқда. 2016-йилдан бери улар ўртасидаги маҳсулот айланмаси 40 фоизга ошди. Ўзаро савдонинг умумий ҳажми эса 16 миллиард АҚШ долларига яқин.
Транспорт-коммуникация соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланяпти. Жумладан, «Боку–Ахалкаласи–Карс» темирйўл тармоғининг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида томонлар ўртасида божхона-солиқ сиёсатини мувофиқлаштириш ва божхона жараёнини соддалаштириш масалалари устида иш олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташкилот доирасидаги саммитларда иқтисодий, сармоявий, савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация ва логистика тизимларини ривожлантириш, инновациялар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларига оид, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, саноат кооперациясини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, зиёрат
туризми бўйича қатор ташаббусларни фаол илгари сурган эди.
Юртбошимизнинг Кенгашнинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитидаги таклифига асосан, илк бор пойтахтимизда 2019-йилнинг октабр ойида Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция ва бизнес форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуманларда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ишбилармон доираларининг 300 нафарга яқин, шунингдек, Ўзбекистон томонидан вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субектларининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Инвестиция ва бизнес форуми доирасида, шунингдек, Туркий тилли давлатлар ишбилармон доиралари иштирокида «Б2Б» форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқотлар чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбарининг таклифига кўра, 2021-йилнинг сентабрида Тошкент шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида «ИДЕА – Ёш тадбиркорлар форуми» бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Туркия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 200 дан ортиқ ёш тадбиркорлар, халқаро экспертлар, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ёшлар масалаларига масъул вазирлари, шунингдек, ТТДҲК котибиятининг раҳбарияти қатнашди.
2021-йилнинг 12-ноябр куни Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммитда савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ҳамда маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Саммит якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг айримлари хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсак, тузилманинг номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилди. Туркий давлатлар ташкилотининг туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. «Туркий давлатлар ташкилотининг Туркий инвеститсия фондини ташкил этишни якунлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, ҳозирда Ер юзида 250 миллион нафардан ортиқ туркий тилли халқлар вакиллари яшайди. Уларнинг асосий қисми олтита мустақил туркий тилли давлат, яъни Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилади. Ушбу давлатларнинг умумий майдони салкам 5 миллион квадрат километрни ташкил қилади.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити эртага Самарқандда бўлиб ўтади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган саммит Туркий давлатлар ташкилотининг илк йиғилиши сифатида тарихда қолади. Бу саммитда ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, савдо, иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш бўйича кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинади, деб умид қиламиз.
Хулоса қилиб айтганда, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги бирдамлик мустаҳкамланиб, ҳар томонлама ҳамкорлик тобора тараққий топмоқда. Бу эса ривожланиш сари янги қадам бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Бобомурод ТОШЕВ.
