Шаҳодат Исахонованинг «Турон маликаси» деб аталган тарихий романини варақлар экансиз, узоқ тарих саҳифаларидаги жуда мураккаб воқеликларга гувоҳ бўласиз. Илгари ёзилган тарихий қисса ва романлар каби, бу асарда ҳам Амир Темур замонларига, аниқроғи, соҳибқирон вафотидан кейин рўй берган таҳликали йилларга, мамлакат учун бениҳоя оғир пайтларга мурожаат қилинади.
Тарих саҳнасида буюк давлатларнинг юксалиши фақатгина сиёсий иқтидор ёки ҳарбий юришлар билан эмас, балки таълим-тарбия, оилавий қудрат ва маънавий масалалар билан ҳам боғлиқдир. Айнан шу жиҳатдан қаралганда, Амир Темур салтанатида Сароймулкхонимнинг ўрни беқиёсдир.
Сароймулкхоним нафақат Амир Темурнинг энг суюкли рафиқаси, балки унинг ҳам ҳаётдаги, ҳам сиёсатдаги доно маслаҳатчиси бўлган. Унга «Бибихоним» деб ном берилгани ҳам юртдошлари қалбидаги ҳурматнинг ёрқин ифодасидир.
Сароймулкхоним Амир Темур салтанатининг фақат зийнатигина эмас, маънавий устуни ҳам бўлган. У ҳар бир Темурий шаҳзодани илм-маърифат йўлида улкан даражада тарбиялаган. Хусусан, Мироншоҳ, Улуғбек, Халил Султон каби меросхўрлар ундан сабоқ олган.
Бундан ташқари, илм ва санъатни қадрлаган Сароймулкхоним мадраса ва китобхоналар қурдиришни қўллаб-қувватлаган, аёллар обрў-эътибори ва таъсир кўламини кенгайтиришга хизмат қилган.
Тарихга назар ташласак, Сароймулкхоним ҳаётидаги энг оғир қарорларидан бири, балки уни бундай деб аташ ҳам нотўғридир, фарзанд энг буюк неъмат эканлигини ҳис этганидан, Шод Мулкнинг Халил Султондан фарзанд кутаётганини билгач, унга ишониб ўлимдан сақлаб қолди. Лекин бу қарор қимматга тушди. Тақдирлар ва тахтни бутунлай ўзгартириб юборди. Бу эса Халил Султоннинг келгусидаги сиёсий заифлигига йўл очди. Темурийлар сулоласидаги ишонч ва интизомга путур етказди.
Нима бўлганда ҳам, Сароймулкхоним тарихда тараққиёт ҳомийси, таълим-тарбияга илк институсионал асос солган аёллардан бири, сиёсий донолик ва инсонпарварлик тимсоли сифатида қолади.
Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, романда Сароймулкхоним нафақат Амир Темурнинг рафиқаси, балки Темурийлар сулоласи келажагини шакллантиришда бевосита иштирок этган аёл сифатида намоён бўлди. Унинг меҳр-шафқати билан бир қаторда, сиёсий эҳтиёткорлиги ҳам тарих сабоқларидан бири бўлиб қолди. Асосийси, Турон маликаси бўлмиш Сароймулкхоним умрининг охирги дақиқасига қадар Амир Темурга маликаларга хос ҳолда содиқ қолди.
Агар сиз ҳам истеъдодли ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг «Турон маликаси» асарини ўқиб чиқсангиз, тарих зарварақларига муҳрланган Сароймулкхонимни ўзингиз учун қайта кашф этишингиз, шубҳасиз.
Гўзал ЖАФАРОВА,
ўз мухбиримиз.
