Маънавият ва маърифат дарси

(Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги)

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон.

Яшнагай тоабад илм-у фан, ижод,

Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон...

Мазкур сатрлар билан жаранг сочувчи юртимиз мадҳияси янграганида, бутун вужудимизни ана шу заминга бўлган ғурур ва ифтихор туйғуси қамраб олади. Барчага бирдек ёқимли бу тарона халқимиз шижоатига шижоат, ғайратига ғайрат бахш этиб, уларни янгидан-янги марралар сари чорлайди.

Бастакор Мутал Бурхонов ва Абдулла Ориповнинг улкан ижодий салоҳияти акс этган тантанавор қўшиғимиз бошланишидан то охиригача қалбимизни ҳаяжонга соладиган сеҳрга эга. Зеро, она Ватанимизга хос бўлган барча улуғворлик ва буюклик унда мужассам.

Давлатимиз рамзи бўлган мадҳиямизнинг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, унинг асосий мақсади ҳам мамлакатимиз суверенитетига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлашдан иборатдир. Шу билан бирга, мазкур қонунда барча унга чуқур эҳтиром билан қараши ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи эканлиги тасдиқланган. Мамлакатимиз фуқаролари ҳамда юртимизда истиқомат қилаётган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, таниқли бастакор Мутал Бурхоновнинг ижод маҳсули бўлган боқий қўшиғимизда бой тарихимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик-осойишталигимиз, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Давлатимиз мадҳияси келажагимиз эгаларида она Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилаётир. Шу боисдан ҳам миллий тимсолимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимиз озодлиги, давлатимизнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайдиган умрбоқий қўшиқдир.

Мамлакатимиз мадҳияси истиқлолга бўлган эътиқодни тарғиб қилиб, фуқароларимизни мустақил давлат барпо этиш йўлида матонат ва довюракликка, сабр-тоқат ва фидойиликка, ташаббускорлик ва уддабуронликка чорлайди, миллий ғурур ва ифтихорни уйғотади. Жонажон юртимиз тимсоли байрам ва тантаналар, спорт мусобақалари, расмий давлат қабуллари ҳамда турли мамлакат раҳбарларини кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлатимиз суверенитетига бўлган ҳурмат ва эътиқодни расмий мусиқа ва матн ҳамоҳанглигида ифода этади.

Буюк ватанпарварлик туйғусини ўзида мужассам этган давлатимиз рамзи айни пайтда таълим муассасаларида эртанги кунимиз эгаларининг она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида улғайишида муносиб хизмат қилмоқда. Энг асосийси, юртимизнинг куч-қудрати ва салоҳияти тобора юксалиб, озод ва обод ватанимизнинг келажаги бўлган содиқ фарзандлари эртанги кунга қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимлаётир.

Давлатимиз мадҳиясига ҳурмацизлик қилиш миллий қонунчилигимизга кўра, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиб, тегишли тартибда жазоланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқитувчи ва мураббийлар, идора ва ташкилотларда эса, унинг раҳбарлари томонидан давлат рамзларига фидойилик кўрсатишда ёш авлодга ўрнак бўлиш талаб этилади. Чунки мадҳиямизнинг мангу яшаши, жонажон қўшиғимизни қанчалик асраб-авайлашимизга боғлиқдир.

Боқий қўшиғимизнинг яратилиши ҳақида кўплаб сиёсатчилар турли фикрларни билдиришади. Бу борада,

унинг муаллифлари ўша кезларда нималарни ҳис қилгани барчамизга қизиқ туюлади. Бу ҳақда Мутал Бурхонов ўзининг «Кўнгил хазинаси» китобида шундай дейди: «Ватан туйғуси, Ватан мадҳияси... Бу тушунчалар муштарак, бир-бировига уйғунлашиб кетган. Ватанни мадҳ этиш, уни улуғлаш ҳар бир инсон қалбидан ўрин олиши керак... Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Давлат мадҳияси янгича, истиқлол руҳида кун тартибига қўйилди. Муҳокама ва тортишувлардан кейин мен ёзган мадҳияни ҳам танловга киритишди. Меҳнатлар зое кетмади. Мусиқанинг ярмига келганда олқишлар бошланди».

Шоир Абдулла Орипов эса, манбааларнинг бирида қу­йидагиларни айтган эди: «Давлатимиз мадҳияси расман қабул қилин­гач, унинг сўзи менинг тасарруфимдан чиқиб кетди. Энди мен унинг ҳузурида оддий бир фуқароман,

холос...»

Қалбимиз ифтихори, миллий ғуруримизга айланган мадҳиямиз қабул қилинганлигига ҳам 30 йил тўлмоқда. Шундай экан, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверсин.

Биз ҳам ана шу юртнинг чинакам фарзанди сифатида ҳар тонгни мадҳиямиз садолари остида қарши олиб, қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшаб, она Ватанимиздан чексиз фахрланишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бугунги кунимизнинг қадрига етиб, янги-янги марраларни забт этишга бор куч ва қуд­ратимизни сафарбар этайлик.

Михли САФАРОВ,

«Постда» мухбири.