Бугун ИИВ марказий аппарати ходимлари ва уларнинг фарзандлари ҳамда таълим муассасаларининг курсант ва ўқувчилари иштирокида пойтахтимизда жойлашган “Темурийлар тарихи” давлат музейига саёҳат уюштирилди.
Буюк бобокалонимиз таваллудининг 688 йиллигига бағишланган ушбу тадбир муносабати билан бу ерга йиғилганлар ўша даврнинг шонли тарихини акс эттирувчи осори атиқалар, улуғ зотнинг дунё сиёсий майдонида тутган ўрни, шунингдек, соҳибқирон яратган улкан салтанат ва меъморий обидалар ҳамда жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган муносиб ҳиссаси тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.
Шу билан бирга, Темурийлар даври ва давлат бошқарувига оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат этиб, улардан атрофлича жавоб олишди.
– Миллатимиз фахру ифтихори саналмиш бундай улуғ зотларнинг авлоди эканлигимиздан доимо фахрланамиз, – дейди ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти катта инспектори, капитан Нозимжон Ашуралиев. – Галдаги вазифамиз эса буюк аждодларга муносиб авлод бўлишдир. Эл-юртимиз тинчлик-осойишталиги йўлида хизмат қилаётган юрт посбонларининг онгу шуурига мазкур ҳақиқатни сингдириш мақсадида бу каби тадбирлар мунтазам тарзда ўтказиб келиняпти.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
