ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари билан навбатдаги маънавият ва маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан юридик фанлари доктори, истеъфодаги полковник, Абдуғофур Сатторов ички ишлар органлари ходимларининг маънавий мезонлари хусусида тўхталиб, бугунги кунда соҳа вакилларига халқимизнинг ишончи ортиб бораётганлигини қайд этди. Ўз навбатида ходимлар бу ишончни оқлаш, янада мустаҳкамлаш учун ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиши, соҳага оид билим ва тажирибасини ошириб бориши, хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир доирасида Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг шонли ҳаёт йўли ва хизмат фаолиятига бағишланган Унутилмас хотираларим ҳамда Устозга эҳтиром номли китобларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ИИВ Академияси магистратураси доценти, истеъфодаги полковник Алишер Шарафутдинов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси, филология фанлари доктори, профессор Ноибахон Мамадалиева, ИИВ Фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари, истеъфодаги полковник Аваз Азизходжаев мазкур китобларда Зокиржон Алматовнинг ибратли умр йўли, узоқ йиллик самарали хизмат фаолияти давомида бошидан ўтказган қийинчиликлари, орттирган бой амалий тажрибаси, тизим учун кўплаб малакали шогирдлар етиштиргани ҳамда мамлакатимиз ҳудудида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари ва катта шов-шувга сабаб бўлган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашишда кўрсатган жасорати батафсил акс этганини айтишди. Тадбир қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.