Пахтакор тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Анвар Собиров соҳада фаолият бошлаганига бир йил бўлди. Шунга қарамай, хизмат ҳудуди бўлмиш «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида самарали тадбирларни амалга оширишнинг уддасидан чиқди. Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида лейтенантнинг хизмат ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.Қолаверса, ёш ходим маҳалла аҳолисига ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбирларни ташкил этишда фаоллик кўрсатди. Шунингдек, соҳа вакиллари ўртасида ўтказилаётган мусобақа ва кўрик-танловларда юқори натижаларга эришаётир. Мазкур жиҳатлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, рағбатлантириш тариқасида Анвар Собировга муддатидан олдин «катта лейтенант» махсус унвони берилди.
— Камтарона хизматимнинг бундай баҳоланиши мен ва яқинларимга катта қувонч бағишлади, — дейди катта лейтенант Анвар Собиров. — Табиийки, бу эътибор зиммамдаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашишга, эл тинчлигини асрашга қаратилган фаолиятимни кучайтиришга ундайди. Ўз навбатида Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
