Ўтган йилнинг октябр ойидан бошлаб Фарғона вилояти ИИБ бошлиғининг фармойиши асосида алоҳида тоифадаги шахслар билан “Фуқаробай” ишлаш бўйича янги амалиёт жорий этилганди. Унга кўра, алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган ва уюшмаган 10 та тоифадаги ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, улар вилоят ИИБ масъулларига бириктирилди.

Ҳозирда ушбу ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни касб-ҳунар ва илмга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш мақсадида кўплаб маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тағибот ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда ҳам вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган навбатдаги тадбир ҳам уюшмаган ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилди.

 Фарғона шаҳридаги Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази эрта тонгдан ёшлар билан гавжум эди. Унинг ҳовлисида ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилиб, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Шу билан бирга, Ёшлар ишлари агентлиги ва Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг кўргазмаси ўтказилди. Келажагимиз эгаларини иш билан доимий банд қилиш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, ишга йўналтириш мономарказлари томонидан уларга ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ёшлар учун тор доирадаги мутахассисларнинг тиббий кўриги ҳам йўлга қўйилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ёшлар билан учрашув ўтказилди, унда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Азизбек Икрамов иштирок этиб, бугунги кунда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида тўхталди ҳамда эртанги кунимиз эгаларини кўпроқ китоб ўқишга, ҳунар ўрганишга, ҳуқуқий билимларини янада ошириб, салбий иллатлардан бутунлай узоқ юришга чорлади.

Вилоят ИИБ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеоролик эса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шу билан бирга, тадбирда малакали психолог ва турли соҳа вакиллари ҳам сўзга чиқиб, ёшларга ўз таклиф ва тавсияларини беришди. ИИВ Фарғона академик лицейи ўқувчилари томонидан ўқилган шеърлар, вилоят мусиқали драма театри томонидан тайёрланган ватанпарварлик руҳидаги саҳна кўринишлари ҳам ёшларга манзур бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу тадбир ўқувчи-ёшларни янги ютуқ ва марралар сари руҳлантириб, уларнинг қалбидаги она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғуларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.