Одатда болалик йиллари узоқ ва сокин кечгандек бўлади. Чунки бола учун вақтнинг ўзи ҳам ўйин каби туюлади. У сакрайди, югуради, ҳазил қилади, атрофдаги ҳар бир нарсадан қувонч топа олади. Болалик поклик ва садоқат рамзи сифатида акс этгандек бўлади. Бу босқичда ота-она меҳри, беғуборлик инсон қалбида абадий из қолдиради.

Ёшлик йилларида инсон тез қадам ташлай бошлайди. У орзу қилади, изланади, билим олади ҳамда меҳнат қилади. Айни босқичда ҳаётга жиддий қараб, ўз олдига қўйган мақсад учун ҳаракат қилиш инсоннинг келажагини белгилайди. Ёшликдаги шижоат ва ғайрат қанчалик тўғри йўналтирилса, катта ҳаётда шунчалик самарали натижаларга олиб келади.

Инсон ёши ўтгани сайин вақт югуриклигини сеза бошлайди. Бу пайтда хотиржамлик, оила бағридаги осуда ҳаёт, фарзандлар ва яқинлар билан бўлиш қанчалар қимматли эканлигини англай бошлайди. Мансаб ёки моддий бойликдан кўра, соғлиқ, тинчлик ва меҳр-оқибат устун бўлиб кўринади.

Йиллар ўтгани сайин инсон кўпроқ сукунат ва хотирага берилади. У ўтган кунларни эслайди, ҳаётида қилган хатоларини ва эришган ютуқларини ёдга олади, уларни сарҳисоб қилади. Кексаликка ҳаётдаги барча босқичларнинг якуни сифатида қаралмай, балки уларнинг маънавий ҳосиласини баҳолаш даври, деб билмоқ лозим.

Ҳаётнинг ҳар бир босқичи ўзгачалиги, яъни болалик – беғуборлик даври бўлса, ёшлик – орзу йўлида шижоатли бўлишни тақозо этади. Катта бўлганда эса масъулиятни ҳис этиш, кексаликда сукунат ва хотиржамлик даври бошланади. 

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, қайси ёшда бўлмайлик, ҳаётдан завқ олиш, ҳар кунимизни қадрлаш ва боримизга шукр қилишимиз керак. Йиллар давомида биз ҳаёт мактабини ўтарканмиз, унинг асосий сабоғи – вақт инсоннинг энг катта бойлиги, унинг ҳар сонияси ҳаётнинг қимматли хазинаси эканлигини англаб етамиз.

Гўзал ЖАФАРОВА,

ўз мухбиримиз.