Юртимиз истиқлолга эришган илк йилларда айрим ғараз ниятли кучлар халқимизни ўз танлаган йўлидан қайтариш, инсонларнинг қалбига қутқу солиш мақсадида турли хунрезликларни амалга оширган эди. Мустақилликни ҳимоя қилиш учун ички ишлар органларининг мард ва жасур ходимлари ҳам биринчилардан бўлиб оёққа турди. Юртимизнинг тинчлик-осойишталигини асраш йўлида бир қанча мард, жасур ҳамкасбларимиз азиз жонларини қурбон қилдилар.
Уларнинг оила аъзоларига давлатимиз томонидан доимий равишда ғамхўрлик қилиниб келинмоқда. Президентимиз томонидан 2023-йил 13-март куни имзоланган “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Ушбу ҳужжатга кўра, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш марказининг Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида яраланган, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик қилиш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида бир қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланди.
Жумладан, фармонга мувофиқ, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида бирйўла нафақа берилади. Ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи ва ходим ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий буджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-майидан оиланинг меҳнатга лаёқациз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланди. Уларнинг оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Белгиланган тартибда тураржойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, тураржой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади. Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимнинг янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига мулкида тураржой бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади.
2023-йил 1-июндан бошлаб эса ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимнинг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланади, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олади.
Шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимнинг ота-оналарига йилида икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Унинг оила аъзоларига масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолган ҳолда, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади.
Фармонда эл-юртимиз ҳимояси, тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яна бир қатор чоралари кўзда тутилган. Бу эса Ватан олдидаги хизмат ҳеч қачон унутилмаслигини кўрсатади.
Одилжон ЯКУБОВ,
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар
ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошқарма
бошлиғи, подполковник.
