Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг ўтган даврида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш ҳамда ходимбай ишлаш борасида амалга оширилган тадбирлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимлари раҳбарлари ва масъуллари иштирокида уюштирилган йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов сўзга чиқди.
Нотиқ ИИВ ишчи гуруҳи томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этилиши ҳамда маънавий-маърифий ишлар сифати 3 кун давомида ўрганилганлигини баён қилар экан бу борада айрим ички ишлар органлари фаолиятида камчиликлар кузатилганлигини билдирди. Шунингдек, мазкур йўналишда эришилган натижалар эътироф қилинди.
Йиғилишда мавжуд нуқсонларни бартараф этиш режалари белгилаб олинди. Мазкур жараёнда ходимларнинг ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксатилтириш мақсадида бошланғич касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака оширишни сифатли ташкил қилиш, маънавий-маърифий тадбирлар уюштириш, устоз-шогирд анъанасини кенг татбиқ этиш юзасидан тавсия ва топшириқлар берилди. Худди шундай, тизимда тамагирлик, қўполлик, хизмат вазифасини суистеъмол қилмаслик ҳамда фаолияти билан ҳамкасбларига ибрат бўлаётганларни рағбатлантириш, соҳа вакилларига яратилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, ходимларнинг хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Йиғилишда Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида подполковник Исмоил Амонов Жиззах вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи лавозимига, шунингдек капитан Музаффар Шодмонов Фориш тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозомига тайинланганлиги эълон қилинди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.