Маънавият ва маърифат дарси

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда кейинги даврда Юртбошимизнинг ташаббуси билан кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориляпти. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсадга тўлақонли эришиш, ўз навбатида, Асосий қонунимизни янада такомиллаштириш заруратини келтириб чиқарди. Мамлакатимизнинг тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолат яратиш нуқтайи назаридан Конституцияга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифи илгари сурилди.

Конституция лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг фикри, таклифларини инобатга олиш икки босқичда амалга оширилди. Хусусан, биринчи босқичда фуқаролардан Конституция лойиҳасини шакллантиришга қаратилган 60 мингдан зиёд таклифлар олинди. Иккинчи босқичда эса Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Аҳоли оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали лойиҳа билан танишди ва фуқаролар томонидан билдирилган 220 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиниб, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги янгиланган Конституция том маънода халқ Конституцияси, унинг ягона манбайи ҳам, муаллифи ҳам халқ эканлинининг яна бир исботи бўлди. Ўзининг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз жорий йилнинг 30-апрелида бўлиб ўтган муҳим сиёсий тадбир – референдумда иштирок этиб, ўз қарорини эркин ифода қилди. «Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни шу санада ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган, деб ҳисобланди.

Янгиланган Конституция янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамияти­мизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари­га биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши қайд этилди.

Янги Конституциянинг 20-моддаси бешинчи қисмида «Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади» дейилади. Бу қоиданинг Бош қомусимизга киритилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини яққол тасдиқлайди. Айниқса, давлат ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқ­ликлар турли тушунмовчиликлар, инсон ва фуқароларнинг ортиқча овора­гарчиликлари олди олинади. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принсипига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарлича асослар мустаҳкамланади.

Янги Конституциянинг 23-моддасида Ўзбекис­тон фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилмаслиги ёки бошқа давлатларга берилмаслиги белгиланган. Бу эса фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилади. Шунингдек, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилишининг белгилангани чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.

Асосий қонунимизнинг 27-моддаси учинчи қисмида ҳеч ким суд қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди. Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни «сукут сақлаш» ҳуқуқи эса биринчи марта алоҳида белгиланди. 

Бугунги кунда халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган энг таъсирчан куч, бу – оммавий ахборот воситалари, журналистлардир. Муҳтарам Президентимиз ҳам ўз чиқишларида журналистларни халқнинг овози бўлишида доим қўллаб-қувватлайдилар. Янги Конституция­нинг учинчи бўлим ўн бешинчи боби айнан оммавий ахборот воситаларига бағишланади. Унда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланган. 

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам қайд этилган. Ушбу норма журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди. Юртимизда ахборот эркинлигининг янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ва сўз эркинлигини таъминлашга эришилади.

«Инсон қадри учун» тамойили айни дамларда юртимиздаги ҳар бир эврилиш ва ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб улгурди. Янги Конституциянинг иккинчи бўлимидаги ҳар бир модда ушбу тамойилнинг ҳар жиҳатдан тўкислигини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришда, ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам замин ҳозирлашда Асосий қонунимиз уларга беқиёс имкониятлар очиб беради. Зотан, Президентимиз айтганидек, «Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак».

Бир сўз билан айтганда, ҳаётимиз қомуси – янги Конституциямиз барча ютуқ ва марралари­мизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси. Кўп минг сонли халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан янгиланган ушбу муҳим ҳужжат, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Учинчи Ренессанс учун ҳуқуқий пойдевордир. Ана шу буюк мақсадни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимиз, аввало, ушбу пойдеворга таяниб ҳаракат қилишига ишончимиз комил. Демак, биз халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари дадил бормоқдамиз. 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА.