Маънавият ва маърифат дарси
Баҳодир МИРЗАРАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-маёр.
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллигини кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Тарих саҳнида ўттиз йил унчалик кўп вақтни англатмас, балки, лекин унинг ортида оғир ва синовли йилларда бир давлатнинг ўз миллий армияси ташкил топиши, такомиллашуви ва юрт сарҳадларини ишончли ҳимоя қилаётган қудратли Қуролли Кучларига айланишидек вақт мужассам.
Сўнгги йилларда барча жабҳаларда бўлгани каби, ҳарбий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Армияни ихчам, замонавий қурол-аслаҳаларга эга профессионал қўшинларга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, Ўзбекистон мудофаа тизими халқаро миқёсда етакчилар қаторидан жой олмоқда. Хусусан, «Глобалфирепоwер» тузган янги рейтингга кўра, дунёнинг энг кучли армиялари қаторида Ўзбекистон 51-ўринни эгаллаб, 2020-йилги натижасини бир поғона яхшилашга эришган, Марказий Осиёда эса энг кучли деб эътироф этилган. Ўзбекистон ҳарбийлари эришаётган ютуқлар ҳам мақтанса арзигулик. «Арми-2021»: ВИИ халқаро армия ўйинларида вакилларимиз 2-ўринни эгаллади. Мусобақа давомида Ўзбекистон ҳарбийлари 10 та рекорд натижани қайд этишди.
Буларнинг ҳаммаси Миллий армиямизга бўлган эътибор, уни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳосиласидир.
Илгари армия алоҳида, халқ алоҳида бир дунё эди. Президент Шавкат Мирзиёев «Халқ билан армия – бир тану бир жон!» деган муҳим ғояни илгари сурди ва вазият тубдан ўзгарди. Ҳарбий қисмлар эшиклари халқ учун, бўлажак Ватан посбонлари – ёшлар учун очилди. Истиқлол ғояларига садоқатли, ватанпарвар ҳарбий кадрларнинг янги авлодини етиштириш бош мақсад этиб белгиланди. Аскар ва офицерларнинг замонавий билим олиши, ҳарбий техника ва технологияларни мукаммал эгаллашига катта эътибор қаратилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, Армия фақат қурол ва аслаҳа билан кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир. Соҳибқирон Амир Темур «Аскарлари ботир эл қудратли бўлур», деганида айнан ана шу ҳақиқатни назарда тутган бўлса, ажаб эмас.
Бугун мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринаси асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва интеллектуал тайёргарлигини юксалтириш бўйича ижобий ишлар қилинмоқда. Ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий полигонларда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Ҳарбийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда.
Мамлакат мудофаасини ташкил қилишда Қуролли Кучларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий тузилмалар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, нисбатан катта шахсий таркибга эга, мамлакатдаги муҳим объэктлар хавфсизлиги ишониб топширилган Қоровул ҳамда Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ана шундай ҳарбий тузилмалар сирасидандир.
Мазкур тузилмаларда сўнгги йилларда кўплаб ислоҳотлар ўтказилди. Ҳарбий тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш, шахсий таркибни этук салоҳиятли кадрлар билан жамлаш мақсадида Қуролли Кучлар Академиясида Ички ишлар вазирлиги қўшинларини тайёрлаш кафедраси ташкил этилди. Ҳозирда бу эрда таҳсил олаётган бўлажак офицерлар қўшинлар учун малакали мутахассислар бўлиб етишади.
Айни пайтда Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жамоат тартибини сақлаб, хавфсизликни таъминлаб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини турли қўпарувчилик хатарлари, жиноий ҳамда бошқа ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиб келмоқда.
Ҳозирги кунда мудофаа тизимидаги бошқа ҳарбий тузилмалар қатори ИИВ тасарруфидаги қўшинлар ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳарбий хизматчилар уй-жой билан таъминланмоқда. Уларнинг фарзандларига квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериляпти. Хусусан, ўтган йили мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар хизмат ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг 64 нафар фарзандига ана шундай тавсияномалар тақдим этилди.
Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиларига кўрсатилаётган эътибор ҳам бундан кам эмас. Ўтган йилнинг ўзида тузилма ҳарбий хизматчилари 153 та хизмат, 669 та янги, замонавий хонадонга кўчиб ўтди. 157 нафар ҳарбий хизматчининг фарзандлари олий ўқув юртига кириш учун 5 фоизли квота асосида тавсияномалар билан таъминланди.
Қуролли Кучлар ташкил топган вақтдан буён ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш ва Қоровул қўшинларида хизмат қилаётган кўплаб ҳарбийлар хизмати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этиб келинмоқда. Ўтган 30 йил давомида фидойи хизмати, кўрсатган жасорати эвазига юзлаб ҳарбий хизматчилар давлат мукофотларига сазовор бўлишди, вазирликнинг «Аъло хизматлари учун», И, ИИ ва ИИИ даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонлари ва бошса мукофотлар билан рағбатлантирилди.
Тарихга айланган 2021-йил Қоровул қўшинларида ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Жанговар хизмат фаолиятини ташкил этишда, жисмоний тайёргарлик, маънавий ва маърифий ишлар, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қолаверса, моддий ва техник таъминот соҳаларда катта натижалар қўлга киритилди.
Қўшинни замонавий ҳарбий техникасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари 17 та энг сўнгги русумдаги БТР ҳарбий техникасини қабул қилиб олган бўлса, Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари бир нечта «Қалқон» русумли енгил зирҳланган техникаларга эга бўлди.
Жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳаминқадар ҳарбий хизматчи охир-оқибат панд бериши муқаррар. Шунинг учун ҳарбий хизматчиларимизнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини яхшилашга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга, турли ўқув машғулотларини ташкил этиш доимий диққат марказимизда. Ҳарбийлар ва уларнинг оилалари иштирокида турли спорт мусобақаларини ўтказиш анъана тусини олган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 30-октабрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида спортнинг қўл жанги турини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, ўтган йили мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ИИВ «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуасида қўл жанги бўйича Қоровул қўшинлари қўмондони кубоги мусобақаси ўтказилди.
Қўшин ҳарбий хизматчилари нафақат ҳарбий тузилмалар ўртасида ўтказилаётган танловлар, спорт беллашувларида, балки халқаро мусобақаларда ҳам муваффақиятга эришмоқда. Хусусан, ўтган йили ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида қўл жанги ҳамда карате йўналишларида иштирок этган спортчи ҳарбийларимиз – капитан Жамол Амонов, кичик сержант Муниса Аҳмедова, оддий аскарлар Бобур Раҳматов, Санжар Баҳромов, Зикрилло Маматқулов ва Бахтиёр Ўткиров юртимиз байроғини баланд кўтарди.
Ўтган йилнинг сентабр ойида Тошкент шаҳридаги ИИВ «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуасида спортнинг жет кун-до тури бўйича Республика очиқ кубоги мусобақасида Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7251-сонли ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Исломжон Муродбоэв 70 кг вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритди. Август ойида Бухоро шаҳрида «Усмонов комбат системс» спорт тури бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда мазкур ҳарбий қисмнинг бирйўла уч нафар ҳарбий хизматчиси – оддий аскар А. Муйдинов 1-ўринни, кичик сержант М. Эргашев 2-ўринни ва оддий аскар Д. Ражабов 3-ўринни эгаллади.
Буларнинг барчаси, албатта, Миллий армиямизга кўрсатилаётган эътибор, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган аниқ мақсадли ва истиқболли ислоҳотларнинг натижасидир. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳарбий хизматчилармизда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг тобора кучайишида асосий омил бўлмоқда.
