Тоққа, Азим Суюннинг қишлоғига боргандик. Кўпчилик эдик. Меҳмонларни бир хонадонга олиб киришди. Дастурхон тўкин. Буни қарангки, бошқа ноз-неъматлар қатори бир пиёла асал ҳам бор экан. Ҳамманинг кўзи ўша пиёлада.

— Тоза асалга ўхшайди, — деди меҳмонлардан бири. — Ҳидидан сезилиб турибди.

— Тоғнинг асали зўр бўлади-да, — деди иккинчиси.— Ҳозир тоғда ҳам тоза асал қолмаган, — деди яна бири. Гап айланиб асалнинг тоза-нотозалигини аниқлашга келиб тақалди. Биров «қошиқнинг учига илиб чўзиб кўриш керак, агар бир қулоч кўтарилганда ҳам асал узилиб қолмай ипдек тушаверса, тоза бўлади», деди. Яна кимдир чойга солиб кўришни маслаҳат берди. Тағин кимдир асални кафтга суриб, ручка билан чизишни таклиф қилди. Индамай турсак, асал хомталаш бўладиган. Эркин Воҳидов менга қараб қўйди-да, сўради:

— Асални синашнинг хитойча усулини эшитгансиз-а?

Ҳеч қанақа «хитойча усул»ни билмасам ҳам, бир «шумлик» бошланаётганини сезиб, дарров тасдиқладим:

— Эшитганман! Энг қулай усул шу!

— Ундан ташқари замонамиз руҳига ҳам мос келади, — деди Эркин Воҳидов. — Ҳақиқий демократик усул.

Ҳамма «хитойча усул»га қизиқиб қолди.

— Айцам ўрганиб оласизлар-да, — деди Эркин Воҳидов сирли қилиб. Даврадагилар ялинишга тушди.

— Бўлмаса гап бундоқ, — деди Эркин ака. — Ҳозир орамиздан битта одамни «асал синовчи» қилиб сайлаймиз. Ким энг кўп овоз олса, «синовчи» ўша бўлади. «Синовчи» пиёладаги асални бир кўтаришда охиригача симиради. Соатга қараб турамиз. Агар ярим соатдан кейин оғиз-бурнидан варақ-варақ қон келиб ўлиб қолса, бундан чиқди, асал — тоза асал бўлади. Қани, ўзининг номзодини қўядиган одам қўлини кўтарсин!

Биттаям «номзод» топилмади.

— Начора, — деди Эркин Воҳидов мушкул муаммо қаршисида қолган одамдек чуқур ўйга толиб. — «Дўстинг учун асал ют», деган гап бор. Келинг, дўстлар учун қурбон бўлсак, бўпмиз-да!

«Жасорат» кўрсатиб, икковлашиб пиёлани бўшатдик. Хайрият, асал «зўр эмас» экан, ёмон таъсир қилгани йўқ.

Ўткир ҲОШИМОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.