Бугун ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирокида “Тарих – ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор манбаи” мавзусида навбатдаги маънавият ва маърифат дарси ўтказилди.

Унда иштирок этган тарихчи Ихтиёр Эсонов ҳар бир халқ ўз олдига қўйган улкан мақсадларни амалга оширишда, аввало, миллий ўзлигини англаши, киндик қони тўкилган она юртнинг қадимий ва бой ўтмишини ўрганиши ҳамда улкан куч-қудрат манбаи бўлмиш миллий ғояни ривожлантирмоғи муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, нотиқ миллат жонажон тарихи, миллий маданияти ва қадим қадриятларидан куч олиб, ўзини ўзи янгилаши, эртанги кунга тайёрлаши ҳақида фикр юритаркан, миллий ғурури кучли халқни маънавий жиҳатдан асло енгиб бўлмаслигини урғулади.

Қизиқарли ва мазмунли ўтган тадбир якунида осойишталик посбонлари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, уларнинг бу борадаги билимлари янада мустаҳкамланди.

Ўз мухбиримиз.