Маънавият ва маърифат дарси

Ички ишлар органлари ходимлари нафақат хизматда, балки ўзи яшаётган маҳаллада ҳам доимо соғлом муҳит яратишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки соғлом муҳит мавжуд жойдагина инсон кайфияти яхши бўлади, фаолиятида самара, ишида унум бўлади, шу тариқа, маҳалла аҳли орасида обрў-эътибор қозонади.

Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг пойдевори адолат ва ҳалолликдир. Айнан шу фазилатлар туфайли ходимнинг хизмати шарафланади.

Элга ҳалол хизмат қилишдан ўзга обрў йўқ. Тинч, фаровон, ҳадик-хавотирсиз, обрў-эътибор билан яшамоқликнинг асоси ҳалоллик, руҳан покликдир. Ходимнинг қандай турмуш кечираётгани, унинг оиласи, фарзандларининг тарбияси, қўни-қўшнилар билан муносабати, самимийлиги каби хислатларини маҳалладаги барча инсонлар яхши билади. 

Ички ишлар органлари ходимлари обрўсини оширадиган фазилатлардан яна бири муомала маданиятидир. Муомала маданиятига, одобига ота-боболаримиз азалдан алоҳида эътибор бериб келган. Тилдан, унинг маҳсули бўлган сўздан одоб доирасида фойдаланишган. Халқимизда «Яхши сўз – жон озиғи, ёмон сўз – бош қозиғи» ёки Тилингда бўлса болинг, кулиб турар иқболинг, деган ҳикматлар бежиз айтилмаган.

Ходим маҳаллада ўз ўрнини топишида, қўни-қўшнилар билан муомала қилишда, мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ширинсухан бўлиши яхши самара беради. Сўз ички ишлар органлари ходимларининг кўрки, маънавий қиёфаси ҳамдир. Сўздан тўғри фойдаланиш ходимга обрў келтиради, ундан ўринсиз фойдаланиш ходимнинг дунёқараши тор, маънавий олами қашшоқлигини англатади ва ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Беруний бобомиз: «Сўз – табиат яратган мўъжиза, уни тўғри ёзиш, тўғри талаффуз қилиш ва ундан яхшилик учун фойдаланиш доно кишининг иши», деган. Ходимнинг ҳар бир сўзи ўзига дўст ҳам, душман ҳам бўлиши мумкин. Бу сўзни қандай ишлатишга боғлиқ. 

Ички ишлар органлари ходимлари маҳалла аҳлига беминнат хизмат қилиш ва бундан ифтихор ҳиссини туйишни амалий фаолиятининг мезонига айлантириши керак. Зотан, «Яхшининг қадрини халқ билади, халқнинг тақдирини мард билади», деган нақлнинг маъно-мазмунини унутмаслигимиз керак. 

Бугун маҳалласидаги инсонларнинг дарду ғамини юрагидан ўтказиб, унинг қадрига етадиган фидойи ходимлар кам эмас. Улар ўзларининг мардлиги, ақл-заковати, билими, ҳалоллиги, адолатли фаолияти билан замон талабларини, соҳадаги ислоҳотлар мазмунини чуқур англаб, эл-юрт бахт-саодати, унинг истиқболи ва тараққиёти учун виждонан хизмат қилаётганини қайд этиш лозим.

Ҳар бир ходим, таъбир жоиз бўлса, назорат механизми билан дунёга келади. Бу ноёб мўъжизанинг номи виждондир. Виждони пок инсон ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилади. Виждон поклиги ҳар бир ходимнинг ўзига ишончини янада мус­таҳкамлайди. Чунки у ҳалол хизмат қилади, ўз бурчини чуқур англайди. Бу бурч адолат ва ҳалоллик билан, виждонан хизмат қилишдир. Бундай ходимнинг маънавияти юксак бўлади. Юксак маънавиятли ходим ҳеч қачон енгилмайди, аксинча, маҳаллада, халқ орасида обрў топади.

Ходимнинг оиласида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш ҳам муҳим масалалардан биридир. Эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона ва келин, қўни-қўшни ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳида бўлишига эришиш — оилада тинчлик-осо­йишталик ва аҳилликни янада мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартидир.

Ҳаёт, асосан, оиладан бош­ланади. Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган нақл бор. Демак, ота-она пок ва ҳалол бўлса, фарзанди ҳам шу руҳда камол топади. Фарзанддаги яхши феъл ва амаллар ҳалол луқмадандир.

Ёшларни маънавий баркамол қилиб тарбиялашда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Негаки, инсоннинг шахс сифатида шакл­ланиши, маънавиятини юксалтириш жараёнлари оила бағрида юз беради. Фарзанднинг атроф муҳитга, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга муносабати ота-онаси билан бўладиган тарбиявий, маънавий мулоқотида ўз аксини топади. Ёшликда носоғлом муҳитда яшаш натижасида болада турли ижтимоий иллатларга мойиллик шаклланади. Уни бундай ғоялардан ҳимоя қилиш ота-онанинг зиммасига катта масъулият юклайди. 

Фарзанднинг атрофдаги инсонларга муносабати, дунёга қай кўз билан қараши унинг ҳаётидаги биринчи ва асосий мураббийлари бўлмиш ота-онага боғлиқдир. Оилада ўрнатилган ўзаро муносабатлардаги аҳиллик, тотувлик, ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаб туриш нохуш ҳолатларнинг олдини олади.

Оила муҳити Ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан муҳити дастлабки озиғини, дастлабки қувватини оила қучоғидан олади. Иймон-эътиқоди бут, маърифатли оилада комил инсон вояга етади. Ўз оила аъзоларига нисбатан муҳаббат туйғусига эга бўлмаган, уларга фидокорлик қилишни билмаган ходим «Ватанга фидокорлик» туйғуси билан ҳам ошно бўла олмайди. Шундай экан, оила муҳити Ватан муҳитининг бошланиши, биринчи босқичи эканини бир нафас ҳам унутмаслик лозим.

Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнацеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланган.

Ички ишлар органлари тизимида ҳимматли, ор-номусли, маҳалласи, оиласи, аҳли аёли, фарзандлари ғурурини, жамият ва миллат ғурури билан асрашни ўзининг муқаддас бурчи, деб биладиган ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг бугунги кунда маҳалладаги «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га кирган инсонларнинг ҳолидан хабар олиб туриши ички ишлар органларининг халқимиз орасидаги обрў-эътибори юксалишига хизмат қилади.

Бугун халқ билан ишлаш, ҳамиша халқ орасида бўлиш, унинг ғами, ташвиши ва дарди билан яшаш, унга садоқат билан виждонан хизмат қилиш ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг олий мақсадига айланмоғи даркор. Ҳар бир ички ишлар органлари ходими маҳалла аҳлини бирлаштирувчи байрамларда, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида ташкил этиладиган ҳашар ва бошқа тадбирларда, тўй-маъракаларда халқ билан ҳамкор, бирга бўлса, хурсанд­чилик ва бошқа ташвишларини биргаликда кечирса, маҳалла аҳлининг уларга ишончи, ҳурмати ортиб бориши муқаррар. Шундагина ички ишлар органлари ходимлари халқнинг хизматида бўлишдек бурчини шараф билан адо этади ва унинг ишончини мутлақ қозонишга эришади. Халқ эса ўзининг бундай фарзандларини ҳар қандай вазиятда ҳам доимо қўллаб-қувватлашга тайёр бўлади. 


Баҳром САИДОВ,

юридик фанлар доктори, профессор.