Сен келсанг, қувончга тўлади кўнгил, сен келсанг, баҳордай яшнаб кетар дил. Сен сабаб дарахтлар ҳайратга чўмди, ростдан келяпсанми яна, Янги йил?! Сен сабаб дилларга инар илиқлик, қаҳратон совуқнинг гашти ўзгача, қўлларимда қўлқоп, бўйнимда-чи шарф, бола бўп қолишни истайдир кўнгил...

 Чирой улашасан ер-у самога, завқ бағишлар сенга ҳавас-ла боқиш. Гоҳ Қорбобо, гоҳ Қорқиз қиёфасида дилларга шодонлик олиб келган қиш. Фасллар алмашиб, сенга келди гал, ўтинчим – покликка бурка дунёни, оппоқ инжуларинг сочиб оламга. Деразам ойнаси… ҳар кун тонг саҳар, турли суратларга тушади кўзим, баттар ҳайратимни оширар менинг – мусаввир табиат мўжизалари. 

Болаларга ўхшаб чопгим келади, қийқиргим келади гўдаклар каби. Қорбўрон ўйнасам толгунча ҳолдан, сўнг чанада учсам кўзларим юмиб, ўзим орзу қилган манзилга қадар. 

Хаёл қандай яхши, яшашинг мумкин, алдов не билмаган мурғак гўдакдай. Ростакам йиғласанг ва ростдан кулсанг, ўткинчи ғийбатлар, майда миш-мишлар, кўнгилни ғаш қилган барча ташвишлар унутилиб кеца ўша лаҳзалар... 

Ўрик шохларида очилган гулдек, эҳ, бирам нафисдир қор парчалари. Борлиқни оппоқ қор қоплаган маҳал, қанийди, қалбларни араз, гиналар тарк эца бир лаҳза, балки мангуга… Ахир, мўжиза-ку, қаранг бетакрор, юзларга урилган ҳар оппоқ зарра. Бу пайтни ўтказиш мумкинми ёлғиз, дўстлар дийдорисиз татирми, айтинг? 

Яна қор ёғмоқда, яхши ниятлар, эзгу орзуларнинг рўёбин тилаб, дуога қўл очар бободеҳқоним. Хирмонга барака, халққа мўл ризқ-рўз, юртим осмонига осойишталик, ёшлар юрагига ғайрат-шижоат… 

Орзулар улғайди, уйғонди умид, оқликка бурканди замин-у осмон. Мени ҳам эслаб қўй шу лаҳзаларда... Сени бахтли кўрмоқ истайди кўнгил. Яна хаёлларга бераман қанот, яна шодлик завқин келади туйгим. Яна сенга пешвоз чиқдим кўчага – хуш келдинг, Янги йил! 

Шерзод 

АБДУСАМАДОВ.