Тошкент шаҳар Ииббда навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати, ЙҲХБ аппарати масъул ходимлари, таклиф этилган меҳмонлар ва шахсий таркиб иштирок этди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Отабек Жиянбаев ва «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори, истеъфодаги полковник Бахтиёр Ҳасанов «Коррупсияга қарши курашиш – тараққиёт кафолати» мавзусида ҳамда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик ислоҳотлар борасида маъруза қилишди.
Шундан сўнг ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиб, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди.
Дастлаб 9 нафар ходимга «Ўзбекистон Конститусиясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, ИИВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ва Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди.
– Бугун мен учун унутилмас кун бўлди, – дейди эсдалик нишони билан тақдирланган, ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 3-сафарбар гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Аббосжон Ашуров. – Бунинг учун, авваламбор, Президентимиздан миннатдорман. Бу эътибор ва рағбат менга янада куч ва иштиёқ бағишлайди.
Сарвар СОБИРОВ,
«Постда» мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.
