Андижон вилояти Иибда ўтказилган навбатдаги маънавият ва маърифат дарсида “ИИВ Бирлашган таҳририяти кутубхонаси” туркумидан “Жасорат ва буюклик тимсоли – аёл” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда вилоят ИИБ бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник Орифжон Юлдашев сўзга чиқиб, шундай деди:

– Яқинда ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан “Бирлашган таҳририят кутубхонаси” туркуми остида янги китоб чоп этилди. Мазкур нашр хизматдаги барча қийинчиликларга қарамай, эркаклардан қолишмаган ҳолда хизмат бурчини шараф билан адо этиб, барқарор жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган хизмат либосидаги хотин-қизларга бағишланган. Шунингдек, урушдан кейинги оғир йилларда ҳуқуқ-тартибот ҳимоясида турган аёлларнинг фидокорона фаолияти ҳақида сўз юритилган.

Китобнинг асосий бўлимида мустақиллик йилларида олий давлат мукофотлари билан тақдирланган хизмат либосидаги хотин-қизлар ҳақида мақолалар берилган. Бундан ташқари, Андижон вилояти Иибда узоқ йиллар хизмат қилган истеъфодаги подполковниклар Светлана Осипова, Маъмурахон Жалилова, Гулнора Абдувоҳидова, Сурайё Маматқулова ва катта сержант Дурдона Қодирова каби фидойи ходималари ҳақида кўплаб мақолалар ўрин эгаллаган.

Китобнинг навбатдаги бўлими муносиб хизматдан сўнг пенсияга чиққан ва бугунги кунда турли масъулиятли лавозимларда ишлаб келаётган аёлларга бағишланган.

Китоб ўқувчида унутилмас таассурот қолдиради ва чуқур ўйга толдиради...

ИИВ Бирлашган таҳририяти ижодий жамоасининг саъй-ҳаракатлари билан чоп этилган мазкур китоб орқали ёш авлод ўз буви ва оналарининг ўтмишдаги қаҳрамонона хизмати билан танишиш бахтига мушарраф бўлди.

Йиғилганларнинг фикр-мулоҳазасига кўра, самимий ва дўстона муҳитда ўтган тақдимот катта муваффақиятга эга бўлди ва бизга замонамизнинг қаҳрамон аёллари ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини берди.

Борис КЛЕЙМАН.