Маънавият ва маърифат дарси

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг азалий орзусини, хоҳиш-иродасини ўзида акс эттиргани, ҳаётга жорий этила бошлангани билан диққатга сазовордир. Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра, «инсон – жамият – давлат», «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида ўзида мужассам этмоқда.

Асосий қонунимизнинг ҳар бир моддасида инсон қадри, шаъни ва манфаати кўзланган. Бош қомусимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгилангани эътиборга молик. Бу янги таҳрирдаги Конституция чинакамига халқ Конституцияси бўлганлигидан далолат беради.

Янгиланган Конституциянинг 1-моддасига кўра, «Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда. Эътибор беринг: илк бора Конституцияда Ўзбекистон – ижтимоий давлат деб белгиланди. Ижтимоий давлат деганда, инсонга эътибор ва ғамхўрлик қилинишининг давлат томонидан таъминланиши тушунилади.

Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробарга кўпайган. Ҳаётий мисолларга эътибор қарацак, таълим-тарбия, тиббиёт, уй-жой, нафақа, нигоронлик ва кекса ҳамда ёлғиз фуқароларимизга давлат томонидан ижтимоий ҳимоя масаласи кучайтирилган.

Унинг 43-моддасида белгиланганидек, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради. 44-моддага мувофиқ, суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакли тақиқланади. Ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эгалиги эса 45-моддада белгиланган. Унга кўра, ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.

Бугунги кунда мазкур нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётганига фуқароларимиз гувоҳ бўлишмоқда. Масалан, ҳар бир ҳудудда мономарказлар томонидан ишсизларни тикувчилик, ҳунармандчилик, пазандачилик каби бир қатор кенг эҳтиёж сезилаётган касбларга йўналтириш чора-тадбирлари кў­риляпти. Дам олиш ҳуқуқи ҳақида гап кетганда, биргина Қурбон ҳайити байрамидаги беш кунлик дам олиш кунини мисол тариқасида келтиришнинг ўзи кифоядир. Ёш болали аёллар меҳнат қилаётган бўлишса, уларга қўшимча танаффус вақти берилиши ҳам сўзимизнинг тасдиғидир.

Шунингдек, янгиланган Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланган. Бу эса ҳар бир фуқаро, айниқса, ёш оилаларнинг ўз хонадонига эга бўлиши шахснинг ижтимоий барқарорлиги ва ҳаётдан розилик даражасини оширади.

Конституциямизга аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳақидаги қоидалар ҳам киритилди. Халқимизнинг саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилди. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза қилиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф қилишда муҳим рол ўйнайди.

Аҳолининг айрим қатламлари пулли асосдаги ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олган ушбу қоида айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади.

 Асосий қонунимизда таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошган. Энг қувонарли томони, фуқароларимиз учун давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқи қатъий белгиланган. Шунинг билан бирга, фуқароларнинг бепул бошланғич профессионал таълим олиши белгилангани диққатга сазовордир. 

Яна бир томони, фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланган.

Энди ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Шунинг учун бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди. Бу шундай нуқсонларга эга болалари­мизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.

Яна бир муҳим конституциявий кафолатнинг ҳаётийлиги 58-моддада кўзга ташланади. Жумладан, мазкур конституциявий қоидада қайд этилганидек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, 2030-йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Хулоса ўрнида жорий йилнинг 8-май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгиланганини эслаш жоиздир. Фармонда бу борадаги давлат органлари ва ташкилотлари олдида турган биринчи галдаги вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Конституцияни амалга ошириш йўналишидаги фаолиятни мувофиқлаштириш тизими, бир қатор янги моддалар бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар, уларни амалга ошириш юзасидан ташкилий тадбирлар назарда тутилган. Энди биргаликда мазкур фармоннинг ижросини таъминлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Фируза МУҲИТДИНОВА,

 ТДЮ профессори,

юридик фанлар доктори.