Янгиланиш қонунияти 

 Бугунги гобаллашув жара­ёнида Шарқ фалсафасини теран ўрганиш, шу асосда улуғ маданиятимиз ва қадриятларимиз илдизларини жонлантириш, асрлар синовидан ўтган, буюк аждодларимиз бизга мерос қолдирган миллий мафкура ва тафаккуримизни тиклаш, уни замонавий-умумбашарий руҳ билан бойитиш барча­мизнинг бурчимиздир. 

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти онг ва тафаккури­мизнинг қандай ўзгараётган­лигига бевосита боғлиқдир. Зеро, инсон ҳаётга фақат кузатиш учун эмас, балки фаолият юритиш учун, ўзлигини англаш учун келади. 

 Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш – унинг келажаги ҳақида қайғуриш, «Ватаним менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватанимга нима бердим?», «Ватаним тақдири – менинг тақдирим» деган эзгу ғоя билан яшашда намоён бўлади. Бу эса унда ҳақиқий фуқаролик позицияси мужассамлигини, бурч ва масъулиятни англаш ҳиссининг борлигини билдиради. 

 Дарҳақиқат, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. У аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга ва келажакка боғловчи кўп­рик вазифасини бажаради: ота-бобо­ларимиз тўплаган жамики яхши фазилатлар, қадриятлар, анъаналарнинг мажмуи, тари­хий-ижтимоий тажриба ва барча қарашларни ўзида мужассам этади. 

Агар инсон «Ватан» тушун­часининг моҳиятини англамас экан, у ҳеч қачон етуклик даражасига кўтарила олмайди. Инсоният тарихида комилликка эришган буюк инсонларнинг барчаси Ватанини англаган, унга содиқ шахс­лар бўлган. Бундай шахслар ҳақида гап борганда, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби инсонларнинг номларини эслаш ўринлидир. Улар халқ ва давлат манфаатини ўз манфаатидан устун қўйишган, халққа бир умр хизмат қилишни олий сао­дат деб билишган. Улар бир сония бўлса-да, Ватанга дахл­дорлик туйғусини уну­тишмаган. Аксинча, айни шу туйғу билан меҳнат ва ижод қилиб, авлодларга буюк маънавий мерос қолдиришган. 

Масъулият ва масъулияцизлик 

 Масъулият – бу ҳар бир кишининг касбий, шахсий ва ишчанлик фазилатлари, унинг фаолият услуби, меҳнатининг рағбатлантирувчи ва самарадорлик омилидир. Масъулият инсоннинг давлат ва жамиятдаги ўрни ва ролини тавсифлайди, унинг давлат ва жамият билан ўзаро муносабатлари­ни белгилайди. Мустақилликни мустаҳкамлаш, ислоҳотларни изчил давом эттириш, жамиятда барқарорликни таъминлаш лозим бўлган ҳозирги шароитда турли жабҳалардаги жараёнларда масъулиятни оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу жара­ёнда масъулият, аввало, самарали давлат ва маҳаллий бошқарув ҳамда кадрлар билан ишлаш сиёсатини олиб боришнинг муҳим омили сифатида намоён бўлади. 

«Шошиб нима ҳам қилдим», «кейин қиламан», «улгураман» деган баҳоналар эса масъулияцизликнинг кўринишлари бўлиб, бу ҳаёт тарзимизнинг нотўғри шакл­ланаётганидан далолатдир. Телефон, планшет ва компутер ёшларнинг доимий ҳамроҳига айланди. Айнан шу гаджетлар ёшлар нигоҳини «михлаб» масъулияцизлик ҳиссини уйғотмоқда. Мурғак қалбларда виртуал дунёдаги каби, биргина тугмани босиш билан масала, ҳал деган фикр пайдо бўлади. Вақт, меҳнат, интизом ва изчиллик каби қад­риятлар эса ортга сурилади. 

Муҳим омил

Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учундир. Ислоҳот ва масъулият – ҳар бир жамиятда ўзгаришлар ва ривож­ланишга олиб келувчи муҳим омил сифатида бир-бирини тўлдиради, жамиятдаги ҳаёт даражаси ва аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янгилашда муҳим рол ўйнайди. Жамият ҳаётида амалга ошириладиган ислоҳотлар турли жабҳаларда ижобий ўзгаришларни таъминлайди. Ислоҳотларни самарали амалга оширишда масъулиятли шахслар ва ташкилотларнинг ўрни бўлак. Демак, ислоҳотлар ижтимоий тўқимадаги ҳар бир шахснинг ҳиссасига, ўзгаришларга бўлган масъулиятига боғлиқдир. 

 Нафсиламрини айтганда, ислоҳотлар ва масъулиятнинг ўзаро боғлиқлиги жамиятда муваффақиятга эри­шиш учун муҳимдир. Агар ислоҳотлар тўғри ва адолатли амалга оши­рилса, масъулиятли ва шаффоф бошқарув остида жамиятдаги барқарорлик ва ривожланиш таъминланади. Буларни бирлаштириш орқали ўзгаришлар ҳақиқий ва устувор бўлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзгаришларга масъулият билан ёндашганида, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси юқори бўлади ва давлатнинг ривожланишига катта ҳисса қўшилади. 

Дахлдорлик ҳисси 

 Бугунги кунда дунё­нинг турли минтақаларида содир бўлаётган зиддиятлар, нохуш воқеалар барча­мизни бирдек ташвишга солади. Дилни хира қиладиган бундай воқеалар биздан узоқда, деб унга лоқайд қараш калтабинликдир. Шунинг учун жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодиса­лардан ҳамиша огоҳ бўлиш, она Ватанимиздаги тинч-осо­йишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш баробарида, шу осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-урт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор. 

Виждони пок, маънавий камолотга эришган одам ҳақиқат ва адолатнинг топта­лишига бефарқ қараб туролмайди. Эл-юрт манфаатига зарар ет­казадиган хатти-ҳаракатларни, ўз юрти ва халқига нисбатан хиёнат ҳамда сотқинликни ҳеч қачон қабул қилолмайди ва уни кечиролмайди. Бундай ҳолатларни кўрганда виждонан қийналади, қалбан эзилади. Қан­дай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга киришади ва бунга эришади. 

 Мамлакат ва миллат тақдири билан боғлиқ жараёнларда фуқароларнинг тоза эътиқод, ҳушёрлик ҳамда масъулият билан ҳаракат қилиши, яхшини ёмондан, аслни сохтадан фарқлай олиши маънавият даражасининг мезони сифатида майдонга чиқади. Бунинг учун ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ва т-аълимига жиддий эътибор қаратмоқ лозим. Ана шундагина ҳеч қандай ёт ғоялар ва мафкуралар улар онгига таъсир эта олмайди, олдимизга қўйилган юксак марралар забт этилаверади. 

 Янги Ўзбекис­тон шарои­тида ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органлари ходими, аввало, эгалла­ган лавозимига ҳар томонлама муносиб, энг муҳими, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, дунёқараши кенг бўлиши лозим. 

 Осойишталик посбонлари дунёқараши ва маънавияти юксаклиги бобида барчага намуна, ибрат бўлишини замон талаб қилмоқда. Давр ҳар биримиздан ўзимизни тинимсиз тафтиш қилиш, ўз устимизда мунтазам ишлаш, фаолиятимизни тўхтовсиз такомиллаштиришни кун тартибига қўймоқда. Негаки, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти халқ орасида, улар назарида кечади. Шу боис ходимлардан юксак маданият билан бир қаторда, одамларни қонунларга ва жамиятдаги мавжуд қоидаларга ҳурмат билан эргаштира олиши талаб этилади. Бу хо­димнинг маънавий қиёфасини белгилаб беради, халқ орасида обрў-эътиборини оширади. 


Азизжон ФАЙЗИЕВ, 

 подполковник.