Ўтган асрнинг 90-йилларида дунё­нинг кўплаб давлатларида вазият издан чиқиб, уюшган жиноятчилик, қўпорувчилик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши жаҳон аҳлини саросимага солди. Бу парокандалик собиқ иттифоқ ҳудудидаги кўпгина давлатларни ҳам четлаб ўтмади. Одамлар норозилигининг кучайиши оқибатида оммавий тартибсизлик ва намойиш­лар кўпайди.

Мамлакатимиз аҳолиси ҳам мустақиллик остонаси ва истиқлолнинг илк йилларида оғир синовли кунларни бошдан кечирди. Ёвуз кучлар томонидан юртимизда ҳукм сураётган тинч­лик-осойишталикка рахна солиб, барқарорликни издан чиқаришга уринишлар бўлгани ҳали халқимизнинг ёдидан чиққани йўқ. 

Улар ўтиш давридаги иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги муаммоларни рўкач қилиб, бундан ўз мақсад ва манфаатлари йўлида фойдаланишга уриндилар. Она халқимиз тинчлиги, фуқароларимиз хотиржамлигини таъминлашдек эзгу мақсад йўлида ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бир тану бир жон бўлиб бирлашдилар. Олиб борилган саъй-­ҳаракатлар натижасида қўпорувчилик ҳаракатларининг олди олинди. 

Яқинда муаллифлар – Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ва ИИВ Касаба уюшмалари қўмитаси бош мутахассиси, истеъфодаги полковник Абдуғофур Сатторовнинг «Ортда қолган таҳликали кунлар» номли китоби чоп этилди. Китобни ўқиркансиз, Наманган, Андижон ва бошқа ҳудудлар, жумладан, пойтахтимизда амалга оширилган хунрезликлар бўйича асосли манбаларга таяниб баён қилинган фикрлар билан ўртоқлашасиз. 

Китоб мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлида олдинги сафда бораётган ички ишлар органлари ходимларини касбга садоқат, ватанпарварлик ва тарихга ҳурмат руҳида тарбиялашда қўл келади, деган умиддамиз.

Абдуҳамид ОЛЛАЁРОВ, 

кичик сержант.