Ота-боболаримиз ҳам «Бирни кессанг, ўнни эк», дея бежиз таъкидламаган. Бу мақолнинг моҳиятида шунчаки ниҳол экиб, боғ яратиш эмас, балки бизни ўраб турган оламдаги яшилликни сақлашдек эзгу мақсад мужассам. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак.
Бу нима дегани? Бу – табиатни асраш сув ресурсларини тежаш, исроф қилмаслик, экологик тизимни барқарорлаштириш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида техника ва технология, саноатнинг юқори суръатларда ривожланиб, табиатга нисбатан инсон омилининг ортиши экологияга сезиларли даражада салбий таъсир ўтказаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу жараёнлар бир осмон остидаги мамлакатлар қаторида, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Дунёда содир бўлаётган иқлим ўзгаришларининг оқибатлари ҳар бир давлатни «яшил тараққиёт» ҳамда «яшил иқтисодиёт» тамойилларига монанд ҳаракатларни амалга оширишга даъват этмоқда.
Президентимизнинг «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, юртимизда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг жорий этилиши бу борада тизимли ишларнинг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилди.
Ўтган йили юртимизда куз мавсумининг «долзарб
40 кунлиги»да кўплаб ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари, маҳаллалар, аҳоли, фермер-деҳқонлар, умуман кенг жамоатчилик жонбозлик кўрсатиб, 85 миллион дона дарахт кўчатлари экилди.
Жорий йилнинг 2-феврал куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кенг ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу умуммиллий ҳаракатдаги устувор вазифалардан бири – жорий баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини
экишни самарали ташкил этишдан иборат. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш масаласи алоҳида эътиборда.
Бунда тегишли тартибда фаолияти йўлга қўйилган «дафтарлар»га кирган, кўчат экиш бўйича тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этиш ва зарур техника, сифатли ниҳоллар ва уруғлар харид қилиш, кўчатлар етиштириш учун субсидиялар ажратиш ҳам кўзда тутилган. Кўчатларни етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаган ҳолда, уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатиш, камида 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш белгилаб қўйилган. Шунингдек, халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларнинг четларига 1,5 миллион дона дарахтдан иҳотазорлар ташкил этиш режалаштирилган.
Юртимизнинг шаҳар-у қишлоқларида кўклам насимлари эсиб, аллақачон баҳор даракчиси бойчечаклар бўй кўрсатиб улгурган айни дамларда бутун мамлакатимиз бўйлаб «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланди. Меҳнацевар халқимиз она заминимизга ниҳол қадаб, боғ-у роғ барпо этиш,
унинг ҳар гўшасини яшилликка буркашдек улуғ мақсад йўлида бирлашди. Бугун юртимизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар мазкур умуммиллий лойиҳасида иштирок этмоқда. Корхона-ташкилот, сектор ҳудудлари, мактабгача таълим даргоҳларида ҳам ушбу тадбир уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Шу ўринда умуммиллий лойиҳа ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштиришга хизмат қилишини ҳам таъкидлаш жоиз. Эндиликда дарахтларга шикаст етказиш ва нобуд қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Мазкур йўналишда жамоатчилик назорати янада оширилади. Дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлилларни амалга
ошириш ҳамда бунинг натижасида ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш, ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахсларни белгилаш, бу борада рағбатлантириш механизмларини жорий этишда бошқарув тизимини такомиллаштиришдек қатор зарур чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Бизни ўраб турган борлиқ ўт-ўлан, гул-гиёҳ, дов-дарахтлар билан яшил тус олишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу яшилликнинг кундалик турмушдаги фойдалилик жиҳатларини санаб охирига етиш қийин. Биргина тоза ҳаводан нафас олишимиз учун мусаффоликни таъминлашнинг ўзи мисли кўрилмаган тортиқ, аслида.
Эътиборли жиҳати шундаки, юртдошларимиз бугун шунчаки ниҳол қадашмаяпти, балки қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини англашмоқда. Қолаверса, Президентимиз таъкидлаганидек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас».
Ушбу йўналишдаги эзгу ва хайрли ишлар бардавом «Яшил макон» ҳаракатига айланиб, она заминимизда миллионлаб ниҳоллар униб-ўсиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти билан баб-баравар кўкларга бўйлашига ишончимиз комил.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
