Куни кеча Фарғона шаҳридаги савдо дўконларидан бирининг камерасига муҳрланиб қолган, ўғриликка қўл урган болакай, сотувчи ва ушбу ҳудудда хизмат вазифасини ўтаётган йўл-патрул хизмати ходими иштирокидаги таъсирли ҳамда кишини мулоҳазага чорловчи видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур овозсиз тасвирларни кузатганингизда, бир болакай дўкон ёнига келиб, ташқарида турган растадан икки дона олмани олганча, чўнтагига солади. Шундан сўнг, уни монитор орқали кузатиб турган сотувчи дарҳол ташқарига чиқиб, болани тўхтатади ва чўнтагидаги олмаларни олганча, унга дашном бера бошлайди. Шунда, дўконга яқинроқ жойда хизмат фаолиятини олиб бораётган ЙПХ ходими келиб, суҳбатга қўшилади. Кейин эса, сотувчидан етарлича олма харид қилиб, болакайга беради ва яна хизматини давом эттиради.
Кўпчилик бу тасвирларни кўриб, йўл-патрул хизмати ходимининг инсоний фазилатларига тасаннолар айтиб, унга миннатдорлик билдиришди.
Биз ҳам ана шу видеотасвирдаги осойишталигимиз посбонини топиб, у билан фикр алмашдик.
– Воқеа Фарғона шаҳрининг Соҳибқирон Темур кўчасида, январ ойининг бошларида юз берган, ўша пайтда мен мазкур жойда хизматни ўтаётган эдим, – дейди Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ЙПХ 1-минтақавий ҳудуд 1-отряд сафдор ходими, сафдор Сардор Сатторов. – Автотранспорт ҳайдовчиларидан бирини тўхтатиб, ҳужжатларини текшириб бўлганимдан сўнг, эътиборимни шу ердаги дўкон сотувчисининг бир болани ўғирлик қилгани учун танбеҳ бераётгани тортди. Ундан нега бу ишни қилганини сўраганимизда эса, уйида онаси билан ёлғиз яшаши, унинг бетоблиги, олма харид қилишга пули йўқлигини, шу сабабли, сўрамай олишга мажбур бўлганини айтди. Шундан сўнг, олма ва бошқа мевалардан сотиб олиб, унинг қўлига тутқаздим. Бор гап шу. Мен шунчаки, яхшилик қилдим, холос. Биз ким бўлишимиздан қатъий назар инсонмиз ва бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатмоғимиз лозим.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Сардор Сатторов 2014-йилда ички ишлар органларидаги илк фаолиятини бошлайди. Бир неча йил қўриқлаш ва патрул-пост хизматларида астойидил жавлон уриб, мана уч йилдан буён, ЙПХ тизимида фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
