«Егандек бўлдим» номли масжид ҳақида эшитганмисиз?!

Истанбулнинг Фотиҳ минтақасида шу номдаги масжид бор. Бу туркчада «Санки едим» бўлади. Бу ғаройиб ном ортида ажиб бир ҳикоя бор. Ҳикоя замирида эса ажойиб бир ибрат мужассам.

Нақл қилишларича, Фотиҳ минтақасида Хайриддин исмли бир киши истиқомат қилар эди. У қачон бозорнинг олдидан ўтаётиб нафси меваними, гўштними, ҳалвоними хоҳлаб қолса, «эгандек бўлдим» деб шунга етадиган пулни бир сандиққа ташлаб қўяверар экан.

Ойлар, йиллар ўца-да, у ўзини лаззатли таомлардан маҳрум қилиб бораверибди. Сандиқ эса секин-аста пулга тўлиб бораверибди. Ниҳоят бу пулга маҳалласида бир кичкина масжид қуриб берибди. Маҳалла аҳли бу кишининг қиссасидан хабардор бўлгач, масжидни «егандек бўлдим» деб номлашибди. Бу масжид ХВИИИ асрда Усмонийлар даврида бино қилинган. Унда 200 нафар намозхон намоз ўқий олади.

Агар, Истамбул томонларга йўлингиз тушса ва Фотиҳ минтақасига борсангиз, эски уйлар орасида кичкина масжидни кўрасиз. Бу масжид Хайриддин афандининг ихлосига, зуҳдига далолат қилади. У киши фақирлигига қарамасдан, ўзидан абадий ҳаёти учун доимий ажр бориб турадиган гўзал садақайи жория қолдирди. Унга дунё лаззатлари «мени енг» деб нидо қилганида, уларга қараб «егандек бўлдим» деб жавоб қилди. Агар бундай жавоб қилмаганида, битта масжидни еб юборган бўлар эди.  

Гўзал ЖАФАРОВА тайёрлади.